Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар ташкилоти ташаббуси билан “Меҳр дунёни тебратади“ мавзусида хайрия тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Арухан Исмоилова, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Гулнар Қайпановалар  “Жайхун“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ногиронлиги бор шахслардан хабар олди.

Тадбирда таъкидланганидек, ногиронлиги бор инсонларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканлигини кўрсатиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар, беғараз ёрдам сабабли уларнинг турмуш-тарзи яхшиланиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони мисолида буларни кўришимиз мумкин. Мазкур фармонда аввал ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон“ сўзи ўрнига “ногиронлиги бор шахс“ иборасини қўллаш белгиланган. Ногиронлиги бор шахслар учун кўчаларда, бекатларда ва жамоат жойларида кўплаб шарт-шароитлар яратиш ҳам ўрин олган.

Тадбир иштирокчилари “Жайхун“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ногиронлиги бўлган шахслар Манас ва Мийирбек Махсетовларга қишги кийимлар, Айдана ва Саламат Парахатовлар, Зуҳра ва Фарида Маткаримовалар, Алия Гумисбаева, Жасурбек Абдазов, Ақилбек Ажимуратовларга озиқ-овқатлар берилди. Ҳудудда истиқомат қилувчи, 1981-йилда тўғилган, боқувчисидан айрилган, 11 ёшли фарзанди бор Сарбиназ Қидирбаевани бугунги кун қаҳрамони, десак арзийди. Чунки, бу аёл ҳар қандай қийинчилик ва тўсиқларни енган ҳолда, ижарага тикув цехи очиб, ҳунари туфайли ўз оиласини тебратиб келмоқда.

Ногирон сўзи ишлатилганда кўпчиликни кўз олдига моддий ёрдамга муҳтож инсонлар келади. Ҳар ким имкон қадар ногиронлиги бор шахсларга ёрдам қўлини чўзади. Лекин уларда моддий ёрдамдан кўра маънавий ёрдамга эҳтиёж катта.

Меҳр-муҳаббатга ташна бўлган инсонларга меҳр кўрсатиш бағрикенг халқимиз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Зеро, меҳр – дунё устунидир!

 

Маҳлиё РУСТАМОВА,

 ҚДУ Қорақалпоқ тили филологияси ва журналистика факультети 4-курс талабаси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги