Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг видеоконференцалоқа шаклида мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижро этилиши ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, пахта хомашёси ва ғалла етиштиришда бозор механизмларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш, жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ҳамда геоботаникага оид тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, озиқ-овқат тармоғини ривожлантиришга доир қатор вазифалар бажарилган.
Суғориладиган майдонларда ўртача гектаридан 57 центнердан ортиқ, лалми майдонларда эса ўртача гектаридан 11 центнер ҳосил олиниб, жами 6,4 миллион тонна дон етиштирилган. 2021 йил ҳосили учун 272 минг тоннадан ортиқ сара уруғлик жамғарилган ва давлат эҳтиёжлари учун 3,5 миллион тоннага яқин дон экспорт қилинган.
Шу билан бирга, интенсив боғ ва янги токзорлар барпо этилиб, соҳани қўллаб-қувватлаш учун жорий йилнинг 9 ойида жами 82,8 миллиард сўм миқдорда субсидия ажратилган.
Яна бир жиҳат. Халқаро стандартлар талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида 315 та корхона ва фермер хўжаликлари томонидан Global G.A.P., Organic, ISO 22000 халқаро сифат стандартларининг мувофиқлик сертификатлари олинган.
Мажлисда стратегияда назарда тутилган вазифаларнинг бажарилишида айрим камчиликларга йўл қўйилгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, 2020 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини қайта кўриб чиқиш белгиланган бўлса-да, ушбу вазифанинг ижроси ўз вақтида таъминланмаган. “Ақлли қишлоқ хўжалиги”ни ривожлантириш Давлат дастури бугунги кунга қадар қабул қилинмаган.
Қолаверса, режа бўйича 2020 йилда республикада жами 280 минг гектар ерларни ўзлаштириш белгиланган. Аммо жорий йилнинг 9 ойида ҳудудларда фақатгина 51,9 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилган.
Бундан ташқари, ерларни ўзлаштиришда давлат-хусусий шериклик механизмлари тўғри йўлга қўйилмаган. Мазкур соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш масаласи тўлиқ амалга оширилмаган.
Мажлисда мазкур аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.