Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ёшларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Халқ таълими вазирлиги, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этган танловнинг мақсади, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда коррупцияга ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборат.

Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган умумтаълим мактабларининг 45 нафар ўқувчиси ва олий таълим муассасаларининг 15 нафар талабаси Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этди.

Унинг натижаларига кўра умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Қонликўл туманидаги 16-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Салтанат Темирханова, иккинчи ўринни Нукус туманидаги 16-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Гулмира Парахатова, учинчи ўринни Кегайли туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Гулзада Есбосинова, олий ўқув юртлари ўртасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти Арухон Сейтмуратова биринчи, ушбу университетнинг талабаси Ойгул Досназарова иккинчи, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Лайло Халиллаева учинчи ўринни эгаллади.

Уларга ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ғолиблар танловнинг мамлакатимиз босқичи учун “Коррупция ва келажак” мавзусида иншо ёзди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА