"Ватан учун яшайлик” танлови ғолиблари тақдирланди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил этган “Ватан учун яшайлик” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Адабиётшунослар, ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокидаги тадбирда танлов мақсади ва вазифалари ҳақида гап борди.
Танловга 2019 йилнинг 15 августидан 2020 йилнинг 15 августига қадар республикамиздаги вақтли матбуот ва адабий нашрларда эълон қилинган ёки китоб ҳолида чоп этилган бадиий-публицистик мақолалар, очерклар, насрий ва шеърий йўналишдаги асарлар тақдим этилди. Уларда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” мазмун-моҳияти, замондошларимизнинг фидокорона меҳнатлари, захматкаш халқимиз амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий ҳаёт, маърифат ва маънавият соҳаларидаги оламшумул ўзгаришлар, китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти тарғиботи, юртимиз ободлиги, миллий қадриятларимиз ва ёш авлод камоли, миллий ғурур ва ифтихор, Ватан туйғуси, истиқлол ғоялари ҳаётий мисоллар, теран фикр-мулоҳазалар билан баён қилинди.
Мазкур танловга коронавирус пандемияси сабабли, карантин қоидаларидан келиб чиқиб, асарлар онлайн шаклда қабул қилинди.
photo_2020-10-15_08-56-24.jpg
“Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ёритилган, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати яхшиланиши, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб берилаётгани, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларнинг ижобий натижалари, маърифат ва маънавият соҳаларидаги ўзгаришлар, китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти тарғиботи, юртимиз ободлиги, миллий қадриятларимиз, юрт манзаралари теран фикрларда тараннум этилган асарлар ҳайъат аъзолари томонидан холисона баҳоланди.
Адабиётшунос Нурбой Жабборов – мамлакатимиз ва хорижий нашрларда чоп этилган “Адабиёт ва миллий маърифат” мавзуидаги туркум адабий-публицистик мақолалари учун 1-ўрин, шоир Абдумажид Азим – “Тонг табассуми” шеърлар тўплами учун 2-ўрин, Асрор Мўмин – “Ўзбекистон фарзандиман” ҳамда “Орзу ва оҳу” тўпламлари учун 3-ўринга лойиқ топилди.
photo_2020-10-15_08-58-30.jpg
Танловнинг рағбатлантирувчи мукофотларига Аҳмаджон Мелибоев – “Тождор ажал ҳамласи ёхуд дунёни титратган 40 кун” публицистик тўплами учун, Фароғат Худойқулова – “Қоятошим” шеърлар тўплами учун, Мирзапўлат Тошпўлатов – “Тонгги фаришта” қиссаси учун, Муқаддас Абдусаматова – Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Уйғоқ туйғулар” маърифий тўплами учун, Маъмура Зоҳидова – “Бойчечак” қиссаси учун, Отабек Исмоилов – “Ҳайрат лаҳзалари” адабий мақолалар тўплами учун муносиб кўрилди.
Танлов ғолибларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Д. Маматова, Муҳаммад Амин(сурат), ЎзА