Иккинчи теримда 1 кг пахта учун 1400 сўм берилишини баъзи отряд бошлиқлари билмас экан

Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, касаба уюшмалари федерацияси ва бошқа жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи Қораўзак туманидаги ҳолатларни ўрганди ва пахта далаларида баъзи отряд бошлиқларининг пахта теримчиларига киикнчи терим учун 1200 сўмдан тўлаётганини аниқлади.

Ўрганиш давомида Қораўзак тумани «Бердақ» ОФЙ ҳудудидаги «Имом Ёқуб» ва «Кулки кужак» фермер хўжаликлари пахта далаларида ҳосилни йиғиб-териб олаётган 100 га яқин теримчилар билан бўлган суҳбатларда ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча 200 сўмдан тўланмаганлиги, иккинчи теримда 1 кг пахта учун 1200 сўмдан терим пули берилганлиги аниқланди. Ҳаттоки, отряд бошлиқлари иккинчи теримда 1400 сўмдан тўланишини билмаслигини ҳам айтиб ўтди.

Суҳбатлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари масъуллар ва теримчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 545-сонли қарори асосида ҳар бир терилган 1 кг пахта учун қўшимча 200 сўмдан тўланиши бўйича тушинтириш ишларини олиб борди.

photo_2020-10-10_19-20-30.jpg

Ишчи гуруҳ Хўжайли, Шўманой, Тахтакўпир, Чимбой ва Нукус туманларида ҳам бўлди. Илғор теримчиларга совғалар топширилди. Уларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Далаларда пандемия шароитини инобатга олиб, пахта йиғим-терими ишлари санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкиллаштирилгани, теримда иштирок этаётган теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилганига гувоҳ бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратилишда мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича ташкил қилинган республика ишчи гуруҳи айни пайтда Қорақалпоғистонда бўлиб турибди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА