Сув тизими: малака, амалиёт ва самара

Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида сув хўжалиги ходимлари учун малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.
Ӱзбекистон Республикаси Сув хўжалиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги тизим ташкилотларидан жами 200 нафар сув хўжалиги мутахассиси ўқитилиб, уларнинг сув ресурсларини бошқариш жараёнларига замонавий-ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича билимлари оширилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги йилларда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 10-июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асосида аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигига бозор тамойиллари ва механизмларини ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланди.
Натижада сув хўжалиги объектларини бошқаришни рақамли технологиялар асосида автоматлаштириш, электр энергияси ва бошқа ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий қилиш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури доирасида барча соҳаларда рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Сув хўжалиги вазирлиги томонидан кейинги уч йилда амалга оширадиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур дастурга кўра, сувни ҳисоб китобини онлайн режимда юритиш ва уни бошқаришни автоматлаштириш мақсадида 2021-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг 1302 та сув хўжалиги иншоотида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш учун «Smart Water» («Ақлли сув») қурилмаларини ўрнатиш, 12 та йирик гидротехник иншоот бошқарувини автоматлаштириш, 273 та насос станциясида электр энергия сарфини онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш ҳамда 364 дона мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари сатҳи кўрсатгичларини онлайн назорат қилиш имконини берувчи “Diver” қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, ўқув курси давомида тингловчилар сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш бўйича илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси билан танишади. Малака ошириш курси якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.
1.jpg
3.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА