Мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмасини ташкил этувчи экспорт-импорт операцияларининг қонунчилик талаблари асосида қисқа фурсатда расмийлаштирилишида божхона хизмати ходимлари ҳам шижоат билан хизмат қилмоқда. Чунки халқимизни доимий иш ўринлари билан таъминлаш баробарида маҳсулот ишлаб чиқариб, саноатни ривожлантириш бугуннинг долзарб масаласидир.
– Бугун Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали экспортга расмийлаштирилган юкларнинг 70 фоизи бизнинг постимизга тўғри келади, – дейди “Қўнғирот” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Абат Сапарбаев. – Жумладан, йил бошидан 205 миллион 200 минг АҚШ доллари қийматидаги полиэтилен, полипропилен, қизилмия илдизи, кальцийлаштирилган сода, артемия цистаси каби товарлар Россия Федерацияси, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинди.
Ҳудудда фаолият юритувчи йирик саноат корхоналаридан бири, Марказий Осиёда ягона бўлган “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамиятининг кальцийлаштирилган сода маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватлилиги бугунги кунда 200 минг тоннага етказилган. Бу кўрсаткичга эришишда 2016 йилда ишга қўшилган заводнинг иккинчи босқичи ҳам катта ҳиссага эга. Тозалаш воситалари билан қатор истеъмол товарлари таркибига кирувчи мазкур маҳсулот кимё саноати ва дераза ишлаб чиқаришда ҳам муҳим компонент саналади.
–Бугунги кунда тўлиқ қувватда иш олиб бораётган корхонамизда бир кеча-кундузда 600 тонна кальцийлаштирилган сода маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда, –дейди ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ахмет Бегдуллаев. – Маҳсулотларимиз ички бозорни тўлиқ қамраб олган бўлиб, ортган қисми экспортга йўналтирилмоқда. Бу билан қаноатланиб қолмасдан, заводимизда тез орада учинчи босқични ишга қўшиш режалаштирилган. Бу ўз навбатида экспорт географиясининг кенгайишига ҳам замин яратади.
Давлатимиз томонидан саноатни ривожлантириш йўлида яратилган қулайликлар, хусусан, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кенгайтиришда зарур бўлган жаҳон стандартларига мос илғор технологик асбоб-ускуналарнинг Россия Федерацияси, Италия давлатларидан олиб келинишида жорий йил бошидан божхона тўловларидан 1 миллиард 845 минг сўм миқдорида қўлланилган имтиёз бугун ўз самарасини бериб, 1743 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди. Йил бошидан 8 миллион 706 минг АҚШ доллари қийматидаги саноат маҳсулоти Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари давлатларига экспорт қилинди.
Экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона расмийлаштируви қисқа фурсатларда, божхона назорати эса бевосита тадбиркорлик субъекти жойлашган ўринларда амалга оширилиши ҳам ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари иш жараёнларини соддалаштириб, давлатимиз экспорт салоҳиятининг ортишида асосий омил бӱлмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА