Муаллимлар ҳақида сўз кетганда, меҳридарё дея таърифланади. Зеро, улар ёш авлодга билим бериш билан бирга, меҳр ҳам бахш этади.
Шу боис йиллар ўтсада, бизларга сабоқ берган устозларимизни доимо эъзозлаймиз, уларга алоҳида ҳурмат кўрсатамиз. Фарғона вилоятида ҳам бу шарафли касбдан қадр топган инсонлар кўп.
Қўқон шаҳридаги 9-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган мактаб-интернати директори Дилдорахон Маҳмудова ҳам шулардан бири.
Мазкур таълим масканида фаолият олиб бориш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Боиси ушбу таълим даргоҳида ишлаш учун ўқитувчи-мураббийлик маҳоратидан ташқари, касбига садоқатли бўлиш, болаларни яхши кўриш керак.
Айни пайтда мактабда таянч ҳаракатида нуқсони бўлган, болалар фалажлиги касаллигига чалинган 241 нафар ўқувчилар таҳсил олаётган бўлиб, уларга 100 нафар ўқитувчи-мураббийлар таълим ва тарбия беради.
Бу ерда ўқиш, жисмоний тарбия, касб-ҳунарга ўргатиш ишлари ўзаро муштарак ҳолда олиб борилади. Биринчи синфга қабул қилинадиган ўқувчилар 9-синфни тамомлаганидан сўнг таълимнинг кейинги босқичига ўтказилади.
Ҳозирда Фарғона водийси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидан келиб тарбияланаётган болаларнинг ҳар бири ўзгача олам. Аксарияти ҳаракатсиз, бир жойда бўлгани учун ҳаётга қизиқиши ўта кучли, серфикр. Дилдора опа ана шундай болалар руҳиятини ўрганиш бўйича илмий иш қилган, педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга. Ўғил-қизларнинг яширин истеъдодини кашф этишни жуда яхши билади.
– Ҳар бир болага доимо меҳр эътибор керак, – дейди Д.Маҳмудова. – Шу боис ҳам мактаб-интернатимизда ўз касбига меҳр қўйганлар ишлайди. Дарслар тўлиқ умумтаълим мактаб дастури асосида олиб борилиб, тиббий муолажалар, жисмоний тарбия машғулотлари ташкил этилади. Тикувчилик ва дурадгорлик цехларида ўқувчиларимиз ҳунар ўрганади. Мактабимизнинг мўъжазгина музейи ҳам бор. Пандемия даврида дарслар онлайн тарзда амалга ошириляпти.
1993 йили мазкур даргоҳда фаолият бошлаган Дилдорахон Маҳмудова 1997 йилдан буён директор сифатида жамоани бошқариб келмоқда. 2001 йили Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2007 йилда II даражали “Соғлом авлод учун” орденига сазовор бўлди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Президент фармонига кўра, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвони билан тақдирланди.
Дилдора опа ишлаётган мактаб-интернат нафақат шаҳарда балки, вилоятда ҳам таълим-тарбия ишлари самарали йўлга қўйилган таълим муассасаларидан бири сифатида эътироф этилади.
Илғор педагогик тажрибаларни амалиётга қўллаш, ўқувчиларни дарсдан ташқари тўгаракларга фаол жалб қилиш ва уларни янги адабиётлар билан мунтазам таъминлаб бориш бу борадаги ютуқларнинг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда. Асосийси, қалб қўрини ёшларга бахш эта олаётган бу жамоа доимо изланишда.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА