Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Президентимизнинг 2020 йил 31 январдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида туман ва шаҳар марказларидан олис ҳудудларда ташкил этилаётган филиаллар яна биттага кӱпайди.
Тўрткўл тумани Давлат хизматлари марказининг «Ёнбошқалъа» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги филиали иш бошлади. Халқимиз оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга жойида ечим топиш бугун мамлакатимиз бўйлаб давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг бош ғояси саналади. Давлат хизматлари агентлиги ҳам бу борада кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг 17 та ҳудудида фаолият олиб бораётган Давлат хизматлари марказида аҳолига 140 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатиб келинмоқда.
Туман марказидан 65 километр узоқликда жойлашган мазкур овул фуқаролар йиғинида фойдаланишга топширилган филиал аҳоли учун ажойиб совға бӱлди. Мазкур филиал туманнинг «Қумбоскан», «Пахтаобод», «Кўкча» овул фуқаролар йиғинлари аҳолисига хизмат кӱрсатади.
–Илгари ушбу ҳудуд ва унга туташ маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли турли хизматлардан фойдаланиш учун туман марказига боришига тӱғри келар эди, – дейди «Ёнбошқалъа» овул фуқаролар йиғини фаоли Абдурасул Пазилов. – Бу эса аҳолининг ортиқча вақт ва маблағ сарфланишига олиб келади. Давлат хизматлари маркази филиали фаолиятининг йўлга қўйилиши эса ҳудуд аҳолисини йиллар давомида қийнаб келган муаммолари ечими йўлидаги муҳим қадам бўлди. Шу куннинг ўзида мазкур филиалда 17 нафар бола давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйилди, 5 нафар фуқаро кадастр паспортини ишлатиш ва 8 нафар фуқаро муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича ариза берди. Биз яратилаётган бундай шароитлардан жуда мамнунмиз.
Дарҳақиқат, туманнинг энг олис ҳудудида истиқомат қилувчи 15 мингдан ортиқ аҳоли ушбу шинам масканда тезкор, қулай ва сифатли давлат хизматларини олиш имконига эга бўлди. Уларнинг тумандаги Давлат хизматлари марказига бориш учун сарфланадиган вақтлари ҳам, нақдлари ҳам тежаладиган бўлди.
Туман ва шаҳар марказларидан олис бўлган маҳаллаларда истиқомат қилувчи юртдошларимизга кенг имкониятлар яратиш мақсадида Мўйноқ тумани марказидан 96 километр узоқликда жойлашган, жами 4471 нафар аҳолига хизмат кӱрсатадиган «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудида, Элликқалъа тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган, 33897 нафар аҳолига хизмат кӱрсатадиган “Сарабий” овул фуқаролар йиғини ҳудудида, Беруний тумани марказидан 40 километр узоқликда жойлашган, 33897 нафар аҳолига хизмат кӱрсатадиган Абай овул фуқаролар йиғини ҳудудида мана шундай филиаллар ташкил этилди.
–Чекка ҳудудларда ташкил этилган филиалларнинг асосий вазифаси, жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш, фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини оширишдир, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Казбек Артықов. – Шунингдек ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланишнинг бошланғич кўникмалари бўйича маслаҳатлар бериш, тегишли ҳудуд аҳолисини кўрсатиладиган давлат хизматлари ҳақида мунтазам хабардор қилиб боришдан иборат.
Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга ошириилаётган кенг кӱламли ислоҳотлар натижасида бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди, – десак муболаға бӱлмайди. Чунки халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, уларга янада қулайлик яратиш ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Мақсад, халқимизга тезкор, қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш ва энг муҳими, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини бартараф қилишдан иборат. Айнан мана шундай қулайлик ва узоқни яқин қилишда эса жойларда ташкил этилган филиаллар асосий омил бӱлиб хизмат қилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА