Дунёнинг ривожланган мамлакатларида йирик корхоналар, кўзга кўринган ишбилармонлар маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолияти натижасида катта даромадга эга бўладилар. Тадбиркорлик қоидасига биноан ўша даромад туриб қолса, пул “кул”га айланади. Агар сармоя ишлаб чиқаришга йўналтирилса, фойда ёнига фойда қўшилиши мумкин.
Хўш, ўша маблағни қаерга сарфлаган маъқул? Иқтисодчилар тили билан айтганда, эртанги кунни кўзлаган сармоядор инвестицион муҳит қулай бўлган жойга маблағ йўналтиради. Бундан ҳар икки томон — инвестор ҳам, инвестиция йўналтирилган субъект ҳам манфаатдор бўлади.
Бугунги кунга келиб, юртимизда бошқа минтақалардан инвестиция жалб этиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали экспорт салоҳиятини юксалтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 195,9 трлн. сўмни ташкил этган. Бунда ўсиш суръати 138,1 фоизга тенг.
Давлат статистика қўмитаси 2019 йилда асосий капиталга ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар таркибида хорижий инвесторлар улушини ҳисоблаб чиқди. Жумладан, Хитой – 26,2 фоиз, Россия – 10,6 фоиз, Туркия – 5,2 фоиз, Германия – 3,3 фоиз, Швейцария – 2,9 фоиз.
ЎзА