Сайёр қабул: муаммолар жойида ҳал этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А.Усмонов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи жорий йилнинг 11-18 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида, Тахиатош, Бўзотов, Тахтакўпир, Чимбой, Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак, Тўрткўл ва Амударё туманларида сайёр қабул ўтказди.

Ўтказилган тадбирлар давомида жами 3076 та масала бўйича мурожаат қабул қилиниб, шундан 1017 та мурожаат ижобий ҳал қилинди, 785 та мурожаатга тушунтириш берилди ва 1274 та мурожаат ижро учун назоратга олинди. Фуқаролар томонидан асосан иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уй-жой ва моддий ёрдам, суд қарорлари, ички ишлар органлари фаолияти, йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, уй-жой коммунал хизмати, соғлиқни сақлаш, тижорат банкларига оид ва бошқа масалаларда мурожаат келиб тушди.

Оммавий қабул доирасида сайёр суд мажлислари ўтказилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан 30 нафар маҳкум жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда озод қилинди. Бундан ташқари, 25 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш кўрилиб, ҳуқуқбузарлар Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилиб, жавобгарлик ва жазодан озод этилди.
Тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлардан келиб тушган 11 та даъво ариза кўриб чиқилиб, шундан тадбиркорлик субъектлари фойдасига 590,3 миллион сўм ундирилди.

7.jpg

Бош прокуратура томонидан 2 та суд қарорига протест келтирилди, 5 та жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинди, 4 та жиноят ишига кўрсатма берилди. Бундан ташқари, Қораўзак тумани “Қуралпа”овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 90 та хонадонга тозаланган ичимлик суви етказиб берилди, жами 5 километр йўлларга қум-шағал ётқизилди. 5 нафар фуқарога жами 238 миллион сўмлик кредит маблағи олиб берилди ва 31 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарларига мурожаат қилган 6 нафар фуқаро ички ишлар органига ишга қабул қилиниб, 2 нафар фуқаро қайта ишга тикланди, 11 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш бўйича 17 нафар фуқарога ҳужжат расмийлаштирилди. 1 нафар фуқарога манзил колониясига ўтказиш масаласи ҳал қилинди. Келиб тушган мурожаат бўйича 1 километр йўлга шағал ётқизилди, 1 та кам таъминланган оиланинг уй-жойи тўлиқ таъмирланди.

4.JPG

– Қабул доирасида Ӯзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги вакиллари мактабимизда бӯлиб, шароитлар билан яқиндан танишди, – дейди Қораӯзак тумани халқ таълими бӯлимига қарашли 8-умумтаълим мактаби директори ӯринбосари Даврон Тўрениязов. – Жамоамиз томонидан билдирилган мурожаат инобатга олиниб, 16 дона компьютер жамланмаси, мактаб ӯқувчиларининг сӯнгги янгиликлар билан танишиб боришлари учун радиоузел, бошланғич синф ӯқувчилари учун қӯл ювиш раквинаси совға қилинди. Бундан жудаям мамнунмиз.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан Кегейли туманида яшовчи кам таъминланган З.Ибрагимовага уй-жойини таъмирлаш учун 6 минг дона ғишт, Чимбой туманида яшовчи кам таъминланган Т.Жиемуратова ва Қораўзак туманида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлиги бӯлган шахс К.Жумабаев хонадонлари таъмири учун 240 та шифер берилди. Шунингдек, 1,6 километр йўлга қум-шағал ётқизилди. 860 метр йўл текисланди ва 15 километр йўл чуқурлари таъмирланди.

Жойлардаги оммавий қабул мобайнида 29 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди. 41 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинди. 46 нафар фуқаро касбга тайёрлаш учун юборилди. 31 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди. 3 нафар фуқарога моддий ёрдам, 85 нафар ишсиз фуқарога ишга қабул қилиш учун йўлланма берилди.

3 (2).JPG

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан 22 нафар фуқарога даволаниш учун ордер, 8 нафар фуқарога ногиронлик гуруҳига чиқиш учун экспертизага йўлланма берилди. 1 нафар фуқаро кислород концентратори билан таъминланди. Шунингдек, 15 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси ва эшитиш мосламаси топширилди. Бундан ташқари, 3нафар фуқаро тиббиёт йўналиши бўйича ишга жойлаштирилди. Буюк Британиялик тиббиёт ходимлари иштирокида 2 нафар беморга телетиббиёт мулоқоти орқали ташхис қўйилди. Қораўзак туманида 3 нафар беморга мураккаб юқори технологик амалиёт бажариш учун 200 миллион сўмлик молиявий манбани топиб ёрдам кўрсатиш белгиланди.

–1986 йилда туғилган фарзандим Бахитбой Авезбақиевга жарроҳлиқ амалиёти учун ёрдам сўраб мурожаат қилдим, – дейди Бўзатов туманидаги “Саранча” овулида яшовчи фуқаро Бийбирӯза Қабилбекова. – Мурожаатим инобатга олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан 36 миллион сўм маблағ ажратиб берилди.

Табиий газ, электр энергияси таъминоти ва ичимлик суви бўйича бир қатор муаммолар ечимини топди. Жумладан, 2 та трансформатор таъмирланди, 3 та электр ёритгич, 2 та электр ҳисоблагич ўрнатилди, 400 метр СИП кабель тортилди ва 7 та таянч устун янгисига алмаштирилди. Қораўзак ва Тўрткўл туманларининг чекка ҳудудларига ичимлик суви етказиб берилди. 1 километр сув қувури тортилиши бошланди.

2 (2).JPG

Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари томонидан 5 та умумтаълим мактабига 75 дона компьютер синфи жиҳозлари етказиб берилди. Олий таълим муассасаларини тугатган ва ишсиз 32 фуқаро ишга қабул қилинди. Мактабгача таълим ташкилотига 10 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 3 та мактабгача таълим ташкилотига жиҳозлар ажратиб берилди ва биттасида таъмирлаш ишлари бошланди.

Қозоғистон Республикасидан 48 нафар талабага Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига ўқишини кўчириш учун буйруқ чиқарилди. Тижорат банклари томонидан 15 та тадбиркорлик субъектига 2,3 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Қарз ва зарарни ундиришга оид 16 та мурожаат бўйича 67,4 миллион сўм ундирилди.

Бӯлиб ӯтган сайёр қабуллар давомида фуқароларни кундалик ҳаётида қийнаб келаётган аксарият муаммолар ижобий ечимини топди. Бу эзгу ишлар аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашга, бугунги кундан рози бӯлиб яшашларига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА