Халқаро форум иштирокчилари диққат марказида – дунё ёшлари муаммолари

12 август куни «Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган Халқаро ёшлар кунига тўғри келганида ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, халқаро анжуман ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган. Коронавирус пандемияси туфайли анъанавий Самарқанд форуми бу гал онлайн тарзда ўтказилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТнинг мамлакатимиздаги агентликлари, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Фридрих Эберт жамғармаси тадбир ташкилотчилари ҳисобланади.

33.jpg

Анжуман ишида қатор нуфузли халқаро тузилмалар вакиллари, таниқли олимлар ва экспертлар, Ўзбекистон Республикаси парламенти ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 30 дан зиёд ёшлар ташкилоти вакиллари, ўқувчи-талабалар иштирок этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси минтақавий вакили, БМТ доимий вакили вазифасини бажарувчи Ашита Миттал форумни кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

7 (2).jpg

БМТ, ЮНЕСКО, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ, Осиё Парламент ассамблеяси, МДҲ, ШҲТ сингари кўплаб нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва юқори даражадаги вакиллар анжуман қатнашчиларини қутлади.

Форумнинг биринчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов бошқарган ушбу сессияда ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд халқаро-ҳуқуқий воситалар ва механизмлар кўриб чиқилди.

Бугун ёшлар дунёдаги жами аҳолининг катта қисмини ташкил этади. Уларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик, сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш лозим.

26.jpg

Афсуски, соҳада мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжат ҳалигача қабул қилинмаган. Бу ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантириш жараёнини мураккаблаштирмоқда. Шу билан бирга аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш зарурати ҳам долзарб.

Форум иштирокчилари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуслар доирасида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини муҳокама қилдилар. Мазкур конвенция янги ва ўта муҳим ҳужжат сифатида ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқларини ўзида акс эттирган.

Асосийси, конвенцияда “ёшлар сиёсати” тушунчаси моҳиятига ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқлари – давлат ва хусусий сектор, шунингдек, нодавлат ташкилотларнинг ёшларга қаратилган фаолиятига доир сиёсат сифатида кенг маъно сингдирилган.

3 (2).jpg

Анжуманнниг иккинчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш мақсадлари диққат марказида бўлди. Сессияни БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бошқарди.

Қизғин мунозаралар доирасида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёшларнинг роли қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб изланди. Шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини амалга оширишда учраётган асосий муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

Самарқанд форуми 13 август куни ўз ишини давом эттиради.

29.jpg

 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, А.АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА