Хоразм вилояти ИИБ шахсий таркиби томонидан карантин қоидаларини таъминлаш, фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан боғлиқ чора-тадбирлар янада кучайтирилди. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида маълум қилинди.
Хабарда қайд этилишича, вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси таркибидаги хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ва ҳудудий профилактика инспекторлари ўзаро ҳамкорликда шаҳар ва туманлардаги бозорлар, савдо шохобчалари ва дорихоналарда ҳамда аҳолига хизмат кўрсатувчи турли ташкилотларда карантин қоидаларига риоя қилиниши юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдалар.
Вирусли касалликлардан ҳимояланиш тартиб-қоидалари юзасидан қўлланма шаклида вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактика бошқармаси ташаббуси билан тайёрланган буклетлар (кимёвий ишлов берилган) ҳам аҳоли орасида тарқатилмоқда.
ЎзА