Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий таълим муассасалари учун қабул жараёни янгиликларига доир брифинг бўлиб ўтди.
Унда Фарғона вилоятида бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Давлат тест маркази директори Мажид Каримов, ректорлар иштирок этди.
Брифингда бу йилги тест синовлари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятда бироз ўзгача тартибда ўтказилиши айтилди.
Жумладан, абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобил телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади, тест блокидаги фанлар таркиби ва кетма-кетлиги бир хил бўлган 3 та таълим йўналишини танлаш имконияти сақлаб қолинади.
Тест синовлари карантин чекловлари тугагандан сўнг июль-август ойларида (таклиф 27 июлдан 15 августгача) ўтказилади. Карантин чекловлари давом этган тақдирда муддатга ўзгартириш киритилиши мумкин. Жорий йилда истисно равишда 3 та мажбурий фандан (она тили, Ўзбекистон тарихи ва математика) тест бўлмайди, фақат 2 та мутахассислик фанидан тест топширилади.
Шунингдек, жорий йил мактаб битирувчиларининг ўрта маълумот тўғрисидаги ҳужжати Халқ таълими вазирлигидан олинади, бунда абитуриент фақат паспорти билан борса кифоя. 21 августдан 31 августгача аппеляциялар қабул қилинади. Унда абитуриент иштирок этиши шарт.
Тест синовлари санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади, бунда абитуриентларни бинога киритишдан олдин тана ҳарорати ўлчанади.
Ёқуб МEЛИБОЕВ (видео), ЎзА