Унда Марказий Осиё давлатларининг 40 дан ортиқ олий таълим муассасалари ўқув, илмий, халқаро ишлар бўйича масъуллари қатнашди.Конференция давомида Марказий Осиёдаги халқаро таълим бўйича мутахассислар ўртасида коронавирус пандемияси натижасида юзага келган муаммолар ва уларнинг ечими борасида фикр ва тажриба алмашилди. COVID-19 пандемиясидан сўнг Халқаро таълим концепциясини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ўртасида илмий, ўқув ва услубий йўналишларда маълумот алмашиш, фан дастурларини ҳамкорликда янгилаш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
– Онлайн конференция давра суҳбати шаклида ташкил этилиб, иштирокчилар ўз олий таълим муассасалари мисолида пандемия шароитида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтишди, – дейди институтнинг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Аҳатжон Насуллаев.
Онлайн-конференцияда ахборот-коммуникацион технологияларга асосланган ўқув дастурларини яратиш, таълим беришнинг аралашган моделларини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун касбий ривожланиш имкониятларини тақдим этиш лозимлиги таъкидланди.
Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари тиббий таълимнинг ўзига хос жиҳатлари, масофавий таълим тиббиётнинг амалий қисмини етарлича қамраб ололмаслигини таъкидлаб, пандемиядан сўнг талабаларнинг амалиётини ташкил этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Халқаро қатновларнинг чекланганлиги сабабли талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар академик мобиллиги маълум муддатга тўхтатилди.
Шунингдек, кўплаб халқаро Олий таълим муассасаларининг ўқитувчи- профессорлари томонидан «Уйда халқаролашув” концепцияси таклифи билдирилди. Бунда академик мобиллик, халқаро лойиҳаларнинг рақамли технологиялар асосида давом эттирилиши таълим сифатига қўшимча қиймат қўшиши мумкинлиги қайд этилди.
Тез орада барча мамлакатларда 2020-2021 ўқув йили учун қабул жараёнлари бошланади. Пандемия туфайли хорижий талабаларнинг халқаро ҳаракатланиши чекланганлиги сабабли конференция иштирокчилари ҳужжатларни онлайн қабул қилишни ташкил этиш лозимлиги тўғрисида, ҳужжатларни қабул қилишнинг онлайн платформасини ташкил этиш борасида ҳам фикр алмашди.
Тадбирда Халқаро таълим бўйича Aмерика Кенгашлари билан Марказий Осиё олий таълим муассасаларининг конференцияда кўтарилган масалалар юзасидан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.