Ҳар бир инсон учун фарзандли бўлиш чексиз қувонч, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш, уни тегишли идораларга рўйхатга қўйиш ва фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш ширин ташвишлар бўлсада, ҳужжат тўплаш учун идорама-идора югуришини ўйласа, бу аччиқ ҳақиқатга айланиши аниқ.
Эндиликда, Давлат хизматлари агентлиги томонидан аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда туғилиш билан боғлиқ бўлган давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу нима дегани?
Бунда, туғруқхонадан бола туғилганлиги тўғрисида маълумотнома бериш, ФҲДЁ бўлимида бола туғилганлигини қайд қилиш, болани отаси ёки онасининг доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйиш, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш, поликлиникага рўйхатга қўйиш ва болани мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш каби ҳаракатлар электрон равишда бир вақтда амалга оширилади.
Ушбу давлат хизматидан фойдаланиш учун биргина ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишнинг ўзи кифоя.
Мазкур давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш тартибининг жорий этилиши фуқароларнинг ортиқча ҳужжат тўплашларига, давлат идоралари ўртасида сарсон бўлиб, эшикма-эшик сарғайиб юришларига барҳам беради.
Натижада, ушбу давлат хизматларидан фойдаланиш орқали иқтисод қилинган вақт ва маблағлар фарзандларини бекаму-кўст улғайтиришга, уларга таълим-тарбия беришга замин ҳозирлайди.
ЎзА