Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар темирйўл транспорти бўйича кенгашнинг 81-йиғилиши доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси З.Нарзуллаев ва “Қирғиз темирйўли” давлат корхонаси раҳбари А.Сакиев ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот жараёнида юк ташиш ҳажмларини ошириш ва тариф чегирмаларини қўллаш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди. Шунингдек, икки давлат ўртасида асосий юклар — кўмир, цемент ва бошқа маҳсулотларни ташишда “Темирйўлкарго” АЖ юк-вагон паркларидан фойдаланиш ҳамда тарози хўжалиги объектларини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, томонлар ўртасида 2025 йил ёзида “Тошкент-Балиқчи (Рибаче)” йўналишида туристик поездлар қатновини йўлга қўйишга келишилди. Бу йўналиш икки мамлакат ўртасида туризм алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади ҳамда Иссиқкўл йўналишида сайёҳлар оқимини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, Қирғизистон темирйўл ходимларининг “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказларида малакасини ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди ва ушбу йўналишда ўқув дастурларини ташкил этиш режалаштирилди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА