13 май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг видеоконференция шаклидаги навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам иштирок этди.
Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори СOVID-19 пандемияси шароитидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Коронавирус оқибатларига қарши курашиш ва касалликнинг ШҲТ давлатлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсирини юмшатиш бўйича долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Эпидемияга қарши курашиш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун Ташкилотга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада такомиллаштириш ва бу борада ШҲТнинг амалдаги механизмлари ишини фаоллаштириш зарурлигини қайд этди.
Пандемиядан кейин дунё иқтисодиётида кузатиладиган жиддий ўзгаришлар нуқтаи назаридан савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлисда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, иқтисодиётни тиклаш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир иштирокчилари Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини қутлади, жасур жангчилар, фронт орти меҳнаткашлари дунёни фашизмдан қутқаришга улкан ҳисса қўшгани қайд этилди. A.Kомилoв иштирокчиларга Ўзбекистонда ушбу муҳим санани кенг нишонлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилгани ва амалга оширилаётгани тўғрисида маълумот берди.
Учрашув сўнгида СOVID-19 пандемияси тарқалиши муносабати билан ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг баёноти қабул қилинди.
Ғайрат Хонназаров, Фарход Абдурасулов(сурат), ЎзА