Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар коронавирус пандемияси туфайли иқтисодий қийинчиликни бошдан кечирмоқда. Бу эса айрим мамлакатларда сиёсий инқирозни келтириб чиқариши мумкин, деди Европа Иттифоқи вакили Жозеп Боррель “Интерфакс” агентлигига.
Унинг таъкидлашича, бундай давлатларда мигрантларни қабул қилиш сезиларли даражада қисқаради, чунки қабул қилувчи мамлакатларнинг ҳам иқтисодий фаоллиги пасайган. Нефть нархи тушиб кетиши боис даромаднинг пасайиши ривожланаётган мамлакатларда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. “Гап фақат нефть ҳақида эмас, балки умуман табиий ресурслар ҳақида бормоқда. Яна туризм ҳам катта зарар кўради”, – дейди Боррель.
Дипломатнинг таъкидлашича, ривожланаётган мамлакатларни молиялаштириш манбалари ҳам қисқаради. “Буларнинг барчаси, шубҳасиз, дастлаб иқтисодий, кейин сиёсий муаммоларни келтириб чиқаради”, деди у.
Боррелнинг фикрича, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг барчаси ушбу муаммо билан тўқнаш келади.
Аввалроқ Жаҳон банкининг тараққиёт ва шериклик бўйича бошқарув директори Мари Пангесту қашшоқ мамлакатлар пандемия туфайли оғир вазиятга тушиб қолишини айтган эди. Унинг таъкидлашича, пандемия шароитида озиқ-овқат танқислиги рўй бериши мумкин, қолаверса, импорт қилиш имконияти ҳам камаяди.
ЎзА