Жасур ва мард божхоначилар ёдга олинди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида марҳум божхоначилар хотираси ёд олинди. Ватан равнақи йўлида жонини фидо қилган собиқ божхоначиларнинг оиласидан хабар олинди.
Ўз юртига, Ватанига содиқ ва фидоий хизмат қилган, халқимиз тинчлиги учун жонини фидо қилган инсонларнинг хотираси мангу яшайди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида хизмат қилган Амангельди Қдиров, Тимур Ордабаевлар ўз Ватани ва касбига садоқат билан хизмат қилиб, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида ўз жонини қурбон қилган ҳақиқий ватанпарвар фарзандлардир.
Қобилиятли, меҳнатсевар, ҳалол ва интизомли ходим, божхона хизмати майори Амангельди Қдиров Устюрт текислигида контрабанда ашёлари ва товар-моддий бойликларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича олиб борилган тезкор тадбирда хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Навқирон, ҳали 28 ёшга ҳам тўлмаган Тимур Ордабаев божхона органларида хизмат қилган даврида ўзининг зийраклиги, масъулиятлилиги ҳамда синчковлиги билан тенгдош ҳамкасбларидан ажралиб турган. Божхона хизмати капитани ўз касбига, ҳарбий қасамёдига бўлган садоқати, Ватанимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган.
Она Ватанига кўрсатган жасоратини келажак авлодга етказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси олдидаги хотира майдонида Амангельди Кдиров ҳамда Тимур Ордабаевларнинг исмлари ёзиб қўйилди.
Умрининг қарийб 20 йилини Божхона тизимига бағишлаган подполковник Ерполат Юсупов божхона ҳуқуқи соҳасини яхши билган салоҳиятли божхона ходими эди. Қатъиятли, кўзлаган мақсадига эришишда матонатли ҳамда чуқур билим ва мустаҳкам иродага эга бўлган инсоннинг хотираси у устозлик қилиб, соҳанинг паст баландини ўргатган шогирдлари қалбида мангу яшайди.
Божхона хизмати майори Байрам Қалмуратов божхона органларида 12 йил давомида қайси лавозимда хизмат қилмасин, ўзининг ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, ўткир зеҳнлилиги, ташкилий масалаларда фаоллиги ҳамда шогирдларига нисбатан талабчан ва қаттиққўллиги билан ажралиб турарди. Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида ахборот технологиялари, божхона статистикаси, божхона назоратини ташкил этиш ҳамда ташкилий назорат бўлимларининг фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшган бу ходим афсуски, бугун орамизда йўқ.
Умрини Ватан равнақи, эл тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этиб, она юрти олдида ўз фарзандлик бурчини бажариш чоғида шаҳид бўлганлар хотираси халқимиз ёдида мангу барҳаётдир.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА