Ғалаба боғидаги амфитеатрда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Маросимда уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар жам бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.
– Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз, аввало, ўз жонини она юрт учун қурбон қилган ватандошларимизнинг руҳи поклари олдида бош эгиб таъзим қиламиз. Сизлар каби минглаб уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларини – азму шижоатли, довюрак ота-боболаримиз, сабр-матонатли оналаримиз, момоларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Бу йил карантин туфайли уруш ва меҳнат фахрийларининг аксарияти байрамни ўз уйларида нишонлади. Улар телевидение орқали бугунги тантанали маросимни тўғридан-тўғри кузатиб борди.
– Сиз азизларнинг барчангизни ғойибона бағримга босиб, бугунги эркин ва озод ҳаётни таъминлаш йўлида кўрсатган мардлигингиз, Ватанга садоқатингиз учун ўз номимдан, халқимиз номидан раҳматлар айтиб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.
Биз сизларнинг тимсолингизда ўзининг доно маслаҳатлари, бой ҳаётий тажрибаси билан ҳаммамизга устоз ва дуогўй бўлиб юрган мўътабар инсонларни кўрамиз. Сизларнинг ҳар бирингиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ҳаёт йўлларида дуч келаётган турли қийинчилик ва муаммоларни, ҳозирги кунда бошимизга тушган синовларни енгиб ўтишда биз сизларнинг мислсиз сабот ва матонатингиздан, қатъиятингиздан доимо куч ва ибрат оламиз. Ёш авлодимизни Ватанга, халққа садоқатли, жасур инсонлар этиб тарбиялашда биз сизларни доимо ўрнак деб биламиз ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-осойишталик, элимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари, ҳарбий округлардаги байрам иштирокчиларига намойиш қилинди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан видеоалоқа тизими орқали мулоқот қилди.
Президентимиз Ғалаба боғининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.
Боғда Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар инсталляцияси, жумладан, темир йўл вокзали, окоплар барпо этилган, ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар кўргазмага қўйилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу техникаларни ҳам кўздан кечирди.
Ғалаба боғида аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, мазмунли дам олиш, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.