Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган фавқулодда ҳодисаларга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:
– Бутун инсоният коронавирус билан бирга, иқтисодий инқирозга ҳам қарши курашаётганини ҳаммамиз кўриб, кузатиб турибмиз.
Жаҳонда мураккаб вазиятдан чиқиш учун карантин чораларини аста-секин юмшатаётган давлатлар сони кўпайиб бормоқда.
Яратганга шукур, бугун Ўзбекистонда эпидемиологик вазият тобора барқарорлашиб боряпти. Кундан-кунга касалликка чалинганларга нисбатан соғайган беморлар сони кўпаймоқда. Карантинга янги олинганларга нисбатан анча кўп одам ундан чиқарилмоқда. Натижада бугунги кунда коронавирус юқтирган 2 минг 204 нафар бемордан 1 минг 454 нафари ёки 66 фоизи тўла соғайди.
Карантиндаги аҳолининг 83 фоизи ўз уйига қайтди. Яъни, ижобий динамика кучайиб бормоқда. Шифохоналарда қолаётган 740 нафар беморни даволаш, саломатлигини тиклаб, оиласи бағрига қайтариш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Бу ишлар осонликча бўлаётгани йўқ. Ҳозирга қадар бунга Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2 триллион 250 миллиард сўм сарфладик ва 500 миллион доллар халқаро молия институтларидан жалб қилдик.
Бугунги кунда бутун дунёда ҳеч ким пандемия яна қанча давом этишини билмаяпти. Шу сабабли, қанчалик қийин бўлмасин, халқимиз билан бирга пандемия шароитида, барча талабларга амал қилган ҳолда, ишлаш ва яшашга ўрганишимиз керак.
Эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгарганидан фойдаланиб, биз иқтисодиётимизда карантин режимини аста-секин юмшатмасак бўлмайди. Чунки бу тартиб иқтисодиётимиз ривожига ва аҳолимиз ҳаётига жуда катта салбий таъсир қилмоқда.
Бу борада халқимизга, айниқса, фермер ва тадбиркорларга қулайлик яратиш учун карантин талабларини юмшатиш бўйича дастлабки қадамларни қўйдик.
Ҳурматли дўстлар!
Бу йил инсоният учун, шу жумладан биз учун жуда оғир келди. Кейинги бир ҳафтанинг ўзида халқимиз кетма-кет кутилмаган синовларга дуч келди.
27 апрель кечаси Бухоро вилоятида, айниқса, Олот ва Қоракўл туманларида юз берган оғир табиий офатдан яхши хабардорсизлар.
Бу офат вилоят бўйича 38 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари, 847 та ижтимоий соҳа объектларига, экин майдонларига зарар етказди. Қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва инфратузилма соҳаларига ҳам жиддий талафот етди.
Биз табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бўйича барча зарур чораларни кўряпмиз. Ҳукумат комиссияси туну кун ишламоқда. Бугунгача 70 фоиз ижтимоий объектлар, 20 фоиз аҳоли хонадонларининг томи ёпилди. Шунингдек, 5 минг километр электр тармоқлари, 1 минг 100 та трансформатор таъмирланиб, 286 минг аҳолининг электр таъминоти тикланди. Якка тартибдаги уй-жойлар ҳам таъмирланмоқда.
Афсуски, бошимизга келган синовлар шу билан тугагани йўқ.
Хабарингиз бор, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Уларнинг барчасига биринчи даражали зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилмоқда.
Сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси ишламоқда. Зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича барча масалалар ҳал қилинмагунча Сирдарёга бириктирилган ҳар бир раҳбар кучайтирилган сафарбарлик режимида ишлайди.
Бу ҳудудлардаги одамларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш керак. Уларга янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратиб беришимиз шарт, деб ҳисоблайман.
Бугунги кунда қатор маҳаллаларда кенг қамровли тозалаш-тиклаш ишлари амалга ошириляпти, натижада 53 мингдан зиёд аҳоли ўз уйларига қайтиши ёки яқин қариндошлари уйига кўчиб ўтиши таъминланди.
Такрор айтаман, давлатимиз, жамиятимиз ҳеч кимни бундай кутилмаган фалокатлар қаршисида ёлғиз ва эътиборсиз қолдирмайди.
Одамларимиз ҳаётини сақлаб қолиш ва эвакуация қилишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари муҳим роль ўйнади. Бугунги кунда улар авария ва тиклаш ишларига кенг жалб этилган.
Афсуски, ҳозиргача 4 нафар фуқаромизнинг табиий офат оқибатида ҳалок бўлгани, 1 нафари бедарак йўқолгани аниқланди. Жумладан, аҳолини хабардор қилиш ва қутқарув ишларини олиб бориш жараёнида Миллий гвардиянинг 2 нафар ходимини кучли сув оқими олиб кетган. Улар ўз жонини фидо қилиб, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишди.
Ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ўзимнинг чуқур ҳамдардлигимни билдираман.
Йигитларимизнинг жасорати барча касбдошлари ва ёшлар учун Ватанга, халқимизга содиқлик ва фидокорона хизмат қилишнинг намунаси бўлиб қолади.
Албатта, Бухоро ва Сирдарёдаги офатлар Яратганнинг бизга юборган синови. Бунга сабр қилишимиз, қаттиқ меҳнат билан, биргаликда ёруғ юз билан ўтишимиз керак.
Ушбу қийинчиликларга қарамай, халқимиз бу синовлар олдида ўзини йўқотиб қўймаганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мана, “ойнаи жаҳон” орқали кўряпсизлар, халқимиз янада бирлашиб, ўзининг меҳр-оқибати, бағрикенглиги, буюк саховатини ҳар куни, ҳар дақиқада намоён этмоқда. Буни Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидан кўчирилган фуқароларнинг 81 фоизини Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари аҳолиси ихтиёрий равишда ўз хонадонларига жойлаштиргани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Бошқа вилоятлар, вазирлик, компания ва уюшмалар, аҳолимиз томонидан қисқа вақтда Бухоро ва Сирдарёга ёрдам бериш учун катта миқдордаги ҳомийлик маблағлари ўтказилди, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва рўзғор буюмлари юборилди.
Фурсатдан фойдаланиб, жабр кўрганларга ёрдам кўрсатаётган бағрикенг, саховатпеша ва ҳамдард халқимизга яна бир бор ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Халқимиз бир нарсадан кўнгли тўқ бўлиши керак, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзларга ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги лозим. Менинг топшириғимга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган. Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради.
Бу сув тошқини биз учун аччиқ сабоқ бўлди. Шу сабабли сув омбори масаласида биз халқаро экспертларни жалб этган ҳолда тўғоннинг барча дамбаларини чуқур экспертизадан ўтказамиз. Фақат шундан кейингина якуний хулосага келамиз.
Шунингдек, менинг топшириғимга биноан ҳозирги кунда тегишли давлат органлари томонидан кучли ёғингарчилик сабабли эрозия юзага келиши мумкин бўлган барча гидроиншоотлар, тўғонлар ва ГЭСларда текширув ишлари олиб борилмоқда.
Афсуски, Сардобадаги офат натижасида биз билан чегарадош бўлган ён қўшнимиз – Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босди. Биз Қозоғистон Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали бу масалани ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиб олдик. Куни кеча Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев бошчилигидаги делегация воқеа жойида бўлиб, вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганди.
Биз қардош қозоқ халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз.
Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жудаям хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз.
Ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилади.
Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам беришга ҳам тайёр эканимизни билдирдик.
Ишончим комил, биз бошимизга тушган бу оғирликларни ҳам халқимиз билан биргаликда, ўзаро ҳамжиҳатликда бир тану бир жон бўлиб, албатта, енгиб ўтамиз.