​Сенат қўмиталарининг мажлисларида муҳим масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси олдидан Олий Мажлис Сенати қўмиталари мажлислари бўлиб ўтди.

Сенаторлар парламент юқори палатасининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилди.

Жумладан, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Давлат бюджети илк бор қонун билан мустаҳкамланаётгани, мазкур ҳужжат аҳоли турмуш сифатини янада яхшилаши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрни борасида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети харажатлари, солиқ ва йиғимлар ставкаларини тасдиқлаш, мазкур қонунни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бюджет жараёни ва бюджет даражалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига йўналтирилган.

Бундан ташқари, қонунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш, 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг даромадларини тақсимлаш, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тартиби, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари тартибга солиниши қайд этилган.

Қонун қабул қилиниши эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари роли ва масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, қўмиталар мажлисларида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йилнинг III чораги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг парламентга ҳисоботи ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилган ва улар ўз натижасини бермоқда. Давлат бошқарувида аҳолининг кенг иштирокини таъминлаш доирасида “Mening fikrim” махсус веб-портали таъсис этилган. Мамлакат бюджетининг шаклланиши ва ижроси шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Openbudget” информацион порталининг яратилиши бошқарув тизимининг замонавийлашгани кўрсаткичидир.

Мажлисларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги, бу борада бажарилиши зарур вазифалар ижроси таҳлил қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

ЎзА