Осойишталик посбонлари шарафланди

25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни
Ўзбекистон жиноятчилик кўрсаткичига кўра, дунё бўйича ҳар юз минг аҳоли сонига нисбатан жиноятлар сони энг кам бўлган давлатлар ўнталигидан ўрин эгаллаган.
Жорий йилнинг ўтган даврида республика ҳудудида содир этилган жиноятлар 25,9 фоизга (8899 тага), шу жумладан жиноят-қидирув йўналиши бўйича 33,5 фоизга (7071 тага) камайишига эришилди. Юртимизда мавжуд маҳаллаларнинг 4 минг 518 тасида, яъни қарийб 50 фоизида умуман жиноятлар содир этилмади.
Бу осойишталикни таъминлаш, халқ манфаатларига хизмат қилишни ўзининг бурчи деб биладиган ички ишлар органлари ходимларнинг фидокорона меҳнатлари натижасидир
Тошкент шаҳрида Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда бу алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов байрам муносабати билан тизим ходимларини, фахрийларини қутлаш билан бирга соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Айнан шу талаб тизимда амалга оширилган ва давом этиб келаётган ислоҳотларнинг асоси ва мақсади бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқ манфаатларига хизмат қилиш, чинакам халқчил, халқпарвар бўлиш ички ишлар органлари фаолиятининг бош мезонига айланди.
Ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш, уларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш, фуқароларни ташвишга солаётган муаммо ва масалаларни жойида ҳал этиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини барча ҳудудларда тизимли ва манзилли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида олисда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча бўлинма ва таянч пунктлари ташкил этилди.
Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётир. Пойтахтимиз ҳамда йирик шаҳар ва туманларда марказлашган видеокузатув тизими орқали аҳоли гавжум бўлган жойларда вазиятни назорат қилиш тизими яратилди. Ушбу лойиҳалар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, куч ва воситаларни тақсимлаш ҳамда вазият барқарорлигини таъминлашда юқори самара беряпти.
Шунингдек, уюшган жиноятчилик, терроризм ва наркотрафикка қарши курашни кучайтириш, тезкор-қидирув, тергов, профилактика, йўл ҳаракати ва пост-патруль хизматларини мустаҳкамлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётир.
Тадбирда соҳа ходимларининг касб байрами муносабати билан Президентимиз фармонига мувофиқ тақдирланган 25 нафар ички ишлар органлари ходимларига давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Ички ишлар вазири Давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органларига кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун барча шахсий таркиб номидан миннатдорчилик билдирди.
Бундан ташқари, 26 нафар ходимга “полковник” махсус унвони берилди, шунингдек 400 нафардан зиёд ходим турли идоравий мукофотлар билан рағбатлантирилди. Шунингдек, халқаро спорт майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ички ишлар органлари ходимлари ҳам рағбатлантирилди.
Соҳа ходимлари, фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашган тантанали тадбирга санъаткорларнинг концерт дастури файз бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Улуғбек Тошхўжаев иштирок этди.
photo5305690864913329134.jpg
photo5303087225673722799.jpg

 

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА