Президентимиз ўтган йили 29 июнь куни Олмазор тумани аҳолиси билан мулоқот чоғида Тошкент чинни заводини қайта тиклаш зарурлигини таъкидлаган эди. Орадан бир йил ўтиб ушбу ташаббус амалга ошди – туманда замонавий технологиялар билан жиҳозланган чинни заводи барпо этилди.
Бугун давлатимиз раҳбари мазкур корхонани бориб кўрди.
Мустақиллик йилларида Тошкент чинни заводи ғоят ачинарли аҳволга келиб қолганди. Заводга 98 фоиз хомашё четдан келтирилган, атиги 2 фоизи ўзимиздан олинган. Бу таннархга таъсир этган. Ишлаб чиқариш замон талаблари асосида ташкил этилмагани, бозор эҳтиёжи ўрганилмагани, асосийси, маҳсулот таннархи қимматлиги боис корхона 2005 йилга келиб бутунлай тўхтаб қолганди.
Бир пайтлар Ўзбекистон чиннисининг довруғи жаҳонга чиққанини барчамиз яхши эслаймиз. 1952 йилда қурилган Тошкент чинни заводида ишлаб чиқарилган чинни буюмлар халқаро кўргазмаларда совринли ўринларга сазовор бўлган, кўплаб мамлакатларга экспорт қилинган. Масалан, Ўзбекистон халқ рассоми Ёқуб Қорибоевнинг “Оқ олтин” – халқ тилида пахта гулли чинни номи билан машҳур тўплам Германиянинг Лейпциг шаҳрида, рассом Анвар Нўъмоновнинг “Тонг” тўплами Югославиянинг Загреб шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кўргазмаларда олтин медаль билан тақдирланган.
Аммо нафис керамика маҳсулотлари саноат тармоғида хусусийлаштиришдан сўнг юзага келган оғир аҳвол боис мамлакатимизга чинни буюмлар, совғабоп тўпламлар, фаянс, ярим чинни ва майоликадан тайёрланган маҳсулотлар асосан четдан келтирилаётган эди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган талабни қондириш ва маҳаллий чинни саноатини яна тиклаш мақсадида бундан бир неча йил аввал Термиз туманида “Сурхон Термиз чинни” МЧЖ ташкил этилди. Бу ерда бугунги кунда эллик турга яқин чинни буюмлари ишлаб чиқарилиб, маҳсулотнинг бир қисми қўшни Афғонистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда. Хомашё Сурхондарё вилоятидаги Жерданак каолин конидан олинади. У хориждаги каолин хомашёси билан бемалол рақобатлаша олади.
Тошкент чинни заводи бу борадаги изланишларнинг навбатдагиси бўлди. Аҳамиятлиси, илгариги заводдан фарқли равишда янги корхона 100 фоиз маҳаллий хомашё асосида ишлайди. Хусусан, гил тупроқли сланец Жерданак конидан, кварц қуми ва дала шпати Самарқанд вилоятидаги Ингичка конидан, доломит Қашқадарё вилоятидаги Деҳқонобод ва Ғузор конларидан келтирилади. Бу маҳсулот таннархи анча арзон бўлади, деганидир.
Президентимиз топшириғига мувофиқ, завод фаолиятини қайта тиклаш мақсадида “Aлоқабанк” томонидан умумий қиймати 87 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Фойдаланилмаётган объект реконструкция қилиниб ҳамда қўшимча бинолар қурилиб, Хитойнинг “Huanggang Huauao Zhongbo Klin Technology Co. Ltd.” компанияси ускуналари ўрнатилди. 300 та иш ўрни яратилди.
Шу кунларда ишга тушириладиган корхонада ошхона идишлари, сувинерлар, биноларнинг ички безаклари тайёрлаш йўлга қўйилади. Маҳсулотлар импорт ўрнини тўлдириб, Россия, Украина, Грузия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатларига экспорт ҳам қилинади.
Давлатимиз раҳбари янги корхонанинг цехларини кўздан кечирди. Президентимизга маҳсулот тайёрлаш жараёни кўрсатилди.
– Бу завод Ўзбекистоннинг фахри, – деди Шавкат Мирзиёев. – Илгари мамлакатимизга меҳмон келса ёки юртдошларимиз чет элга борса, шу завод тўпламларидан совға қилинарди. Энди ушбу янги корхона ундан ҳам чиройли, сифатли ва қадрли маҳсулотлар тайёрлаши керак.
Мутасаддилар билан суҳбатда завод фаолиятини кенгайтириб, кластерга айлантириш, янада кўп хотин-қизлар ва ёшларни ишга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
– Мамлакатимизда шунча уйлар қуриляпти, одамларнинг ҳаёт сифати ўзгаряпти, – деди Президент. – Янги уйга кўчган ҳар бир оила албатта чинни буюмлар сотиб олади. Юбилейлар, фестивалларга бағишланган, совға учун тўпламлар ҳам чиқариш мумкин. Бунинг учун дизайн устида ишлаш, бозор талабини ўрганиб, олимлар ва технологлар билан ҳамкорликда замонавий маҳсулотлар тайёрлаш, янги брендлар яратиш керак. Масалан, миллий нақшларимиз, сўзаналаримиз бу борада катта манба бўла олади.
Давлатимиз раҳбари корхона ҳузурида ташкил этилган чинни буюмлар музейини кўздан кечирди. Заводда ишлаган меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди.
Шу ерда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган саноат ва инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. Президент экспортни ривожлантириш, ташқи савдо амалиётларини енгиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳри учун замонавий мультимодал логистика маркази ташкил этиш таклифини билдирди.