Имзо варақалари экспертлар томонидан беш кун муддатда текширилади

Сайлов – 2019
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи сайлов округларини ҳамда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг қайд этишича, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади. Олдинги сайловларда Экоҳаракат депутатлар гуруҳига 15 ўрин квоталангани сабабли 135 та сайлов округи тузилар эди.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун 60 дан кўп бўлмаган сайлов округи, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун 30 дан кўп бўлмаган сайлов округи тузилади.
Сайлов кунига қадар мамлакатимизда овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчиларнинг умумий сони тахминан 20 миллион 600 минг атрофида бўлишидан келиб чиқиб, ҳар бир сайлов округидан ўртача сайловчилар сони 137 минг 279 га тўғри келмоқда. Ҳар бир сайлов округи тенг сайловчиларга бўлиняпти. Олдинги сайловларда баъзи бир округлар 20-30 фоиз кўп сайловчиларга эга бўлар эди.
Сайлов кодексида белгиланган нормалар доирасида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари сони тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан аҳоли, сайловчилар сони, ҳудуд ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, 10 фоиздан ошмаслиги керак.
Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида 75 кун олдин тегишли сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
Мажлисда комиссия аъзолари сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш масаласини ҳам кўриб чиқди.
Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилгани Марказий сайлов комиссияси томонидан 5 кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида 15 фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.
Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.
Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилгани аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.
Қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас, деб топилади. Бундай вазиятда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга сайловда иштирок этиш ҳуқуқини рад этади.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА