Мўйноққа яна ҳаёт қайтди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча Мўйноққа бориб, бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишуви, шу ерда Қорақалпоғистон фаоллари билан учрашувда билдирган фикрлари Мўйноқ аҳолисига катта қувонч бағишлади.
Жанабой ЖУСИПОВ, 
“Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси:
– Президентимиз учрашувда Оролбўйида яшаётган аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга бундан буён ҳам катта эътибор қаратилишини таъкидлади. Денгиз чекингандан буён унинг тубидан кўтарилган тузли чанг одамларнинг саломатлигини оғирлаштириб, касалликлар кўпайиб бораётган эди. Бунинг олдини олиш мақсадида ўтган куз-баҳор мавсумида Орол денгизининг қуриган тубига қарийб 500 минг гектар майдонга саксовул экилди. Келгуси икки йилда яна 700 минг гектарда яшил қопламалар барпо этиш мўлжалланаётгани, бу ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашда яна катта қадам бўлиши таъкидланди.
Мўйноқда ичимлик сув муаммо эди. Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 101 километр сув тармоғи фойдаланишга топширилди. Бундан туманимиз аҳолиси жуда ҳам мамнун.
Давлатимиз раҳбари Мўйноқда бошланган ўзгаришлар келгусида бошқа туманларга ҳам ёйилишини айтганида, залга йиғилган барча қизғин олқишлади. Яқин йилларда Оролбўйига одамлар янги қад ростлаган замонавий шаҳарларни кўриш, халқимиз ҳаётига ҳавас қилиш учун келади.
Бийбихон УТАМБЕТОВА, 
Мўйноқ туманидаги “Талли-ўзак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Олдинлари ёшларимиз борадиган жой йўқ эди. Қисқа вақтда Мўйноқ шаҳрида замонавий амфитеатр, маданият уйи, “Орол” стадиони, ёпиқ бассейн ва бошқа кўплаб иншоотлар фойдаланишга топширилгани ёшларимиз учун жуда катта совға бўлди.
Айниқса, туманимизда янги мактаб, болалар боғчалари қурилгани учун ота-оналар Президентимиздан миннатдор. Бу одамларнинг ҳаётини яхшилаш, ота-оналарга фарзандларининг истиқболи йўлида эзгу ниятларни ошириши учун имкон яратилаётганидан далолатдир. Ўйлаймизки, яқин йилларда Мўйноқдан ҳам чемпионлар, илм-фанда юқори марраларни қўлга киритадиган ёшлар етишиб чиқади.

 

ЎзА мухбири Довуд АБИБУЛЛАЕВ ёзиб олди.