Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармонлари ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Минск, 29 июль. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи арафасида Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро форуми бошланди. Унда икки мамлакат ҳудудлари вакиллари қаторида парламентлар аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ишбилармонлар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигини кенгайтиришда муҳим мулоқот майдони, деб баҳоланаётган ушбу форумда етакчи тармоқлар ва ҳудудлар вакилларини бир даврага жамлаш, шу тариқа қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиётини кенгайтириш, умуман, ҳар бир манфаатли соҳада ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
4.jpg
Форумнинг дастлабки куни сессия йиғилишлари шаклида ўтди.
Саноат кооперацияси масалаларига бағишланган биринчи сессияда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, электротехника, фармацевтика каби соҳаларда шериклик алоқаларини кенгайтириш хусусида сўз борди.
Иккинчи сессия аграр соҳага бағишланди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, ўсимликшунослик, селекция, чорвачилик, ветеринария соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Гуманитар, ахборот-коммуникация, илм-фан соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда технопаркларни такомиллаштиришда тажриба алмашиш, ҳудудлараро инновацион ҳамкорликни кенгайтириш, туризм, таълимни рақамлаштириш каби истиқболли йўналишлар ҳақида фикр алмашилди.
Форум 30 июль куни ўз ишини давом эттиради.
6.jpg
Умуман, расмий ташриф арафасида ҳудудлар ва ишбилармонлар доирасидаги ҳамкорлик фаоллашаётганини таъкидлаш жоиз. Бугун Минскдаги «Бел-Экспо» миллий кўргазмалар марказида Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси ҳам очилди.
Ушбу тадбир Беларусга Ўзбекистон саноати маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, ушбу мамлакат бизнеси вакилларини юртимизнинг экспорт ва сармоявий салоҳияти билан кенг таништириш мақсадида ташкил этилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб бораётганини, яқин истиқболда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд эканини таъкидлади.
10.jpg
Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Владимир Дворник ушбу тадбир 2018 йили Тошкентда ўтказилган Беларусь миллий кўргазмаси доирасида бошланган ишбилармонлик мулоқотининг мантиқий давоми эканини қайд этди.
Кўргазмада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан машинасозлик, электротехника, қурилиш, тиббиёт ва фармацевтика, нефть кимёси, енгил саноат, ахборот технологиялари каби соҳаларга ихтисослашган 80 корхона мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Ўзбекистоннинг туризм борасидаги имкониятлари тарғиботига кенг ўрин берилган.
Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси 2 августга қадар меҳмонларни қабул қилади.
12.jpg
14.jpg
15.jpg

 

ЎзА