Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Мўйноқ туманида ҳам бўлиб, Орол денгизининг қуриган майдонига жорий йилда 500 минг гектар ерга саксовул экиш вазифасини белгилаб берган эди.

Мана ўтган қисқа вақт давомида ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу хайрли ишга нафақат Оролбўйидан, балки мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган минг нафардан зиёд хашарчи иштирок этди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар визирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ходимлари ташаббускорлик кўрсатди. Ҳар куни 500 дан зиёд замонавий техникалар ҳамда авиация ёрдамида ариқ тортиш, бароналаш ва саксовул уруғини сепиш ишлари бажарилди. Деярли уч ой давом этган тадбир давомида Оролнинг қуриган қисмида 411 минг гектардан зиёд майдонга саксовул уруғи сепилди. Шундан,  100 минг гектардан зиёди авиация ёрдамида амалга оширилди. Қишнинг қаҳратон кунларига қарамасдан бу ерда меҳнат қилган ҳар бири киши ҳамжиҳатликнинг, қорақалпоқларнинг ибораси билан айтганда, оғзибирликнинг намунасини кўрсатди.

Ҳаттоки, ҳашарчилар янги йилни ҳам ўз уйларига қайтмасдан денгизнинг қуриган тубида кутиб олишди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, туман ҳокимлари, вазирликлар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари шу ерда бўлиб, янги йилни биргаликда нишонлашди. Ҳашарчиларга байрам дастурхони ёзилиб, совғалар  топширилди. Санъаткорлар ўзларининг концерт дастурлари билан уларга маданий хизмат кўрсатишди.

Юртбошимизнинг ташаббуси билан “яшил қалқон” яратиш бўйича бошланган ушбу хайрли ишга мамлакатимиз бўйлаб барча ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди,-десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликдаги “Оролбўйини обод этайлик” лойиҳаси бошқа ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

-Қиш ойларида уруғдан экилган савсовулларнинг дастлабкилари кўкариб чиқа бошлади,-дейди Қорақалпогистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ернияз Ҳокимниёзов.-Март ойидан кейин кўчатдан экиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар куни 600-700 гектар атрофида майдонга саксовул кўчати экилмоқда. Кўчатлар Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжаликлари қошидаги иссиқхоналарда етиштирилмоқда.

Орол денгизининг қуриган майдонида чўлга чидамли ўсимликлар, шу жумладан, саксовул кўчатларини етиштириш ҳавога кўтарилаётган чанг-тўзонни тўсиб қолишга хизмат қилса, иккинчидан озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш орқали ҳудудда қишлоқ хўжалигидаги муҳим тармоқлардан бири бўлган бўлган чорвачиликни ривожлантириш, шу орқали янги иш ўринларини яратиш имкониятини беради. Ҳайвонотлар ва ўсимликлар оламининг, биохилма-хилликнинг сезиларли даражада кўпайишига олиб келади. Энг асосийси, юзага келган экологик, иқтисодий ҳамда ижтимоий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Оролбўйида, шу жумладан Мўйноқ туманида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган бир пайтда яна бир хушхабар тарқалди. Мўйноқдан шимоли-шарқий йўналишда 200 километрдан зиёд масофада, собиқ Борсакелмас оролининг шарқий қисмидаги Шағала массивида 300 метр чуқурликдан сув чиқарилди. Оролбўйи аҳолиси ушбу тарихий воқеани «Мўйноқда янги ҳаётнинг бошланиши» деб, катта хурсандчилик билан кутиб олди. Феврал ойининг охирида 230 метр чуқурликдан иккинчи қудуқдан сув чиқди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Оролнинг сувсиз қолган ҳудудида кенг миқёсда геология-қидирув ишлари олиб борилиб,  жами 50 та қудуқ қазилиб, ишга туширилади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.  Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратгани,  2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилингани, жорий йил август ойида Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган кенгаш мажлисида Оролбўйи ҳудуди Экологик инновация ва технологиялар маркази, деб эълон қилингани туман аҳолисига бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг ифодаси бўлди. Шу билан бирга, 2017 йил 19 июль куни узунлиги 101 километр бўлган «Қўнғирот-Мўйноқ сув иншооти қурилиши» лойиҳаси фойдаланишга топширилиши, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилиши мўйноқликлар ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеалардан бўлиб қолади. Туман марказининг бош лойиҳасини ишлаб чиқиш, туман марказида янги шаҳарча барпо этиш, умумий нархи 1 триллион сўмлик инвестиция ҳисобига йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ижтимоий инфратузулмани, шунингдек тадбиркорликни ривожлантириш назарда тутилмоқда. Чорвачиликни, паррандачиликни, балиқчиликни, туризмни ривожлантириш, туманнинг мавжуд салоҳияти, табиий имкониятларидан фойдаланган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали кўплаб янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Туманнинг ижтимоий ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари объектларини қуриш, реконструкция ва йирик таъмирлаш бўйича комплекс ривожлантириш Дастурига мувофиқ, 2018-2021 йилларда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 352 миллиард  794 миллион сўмлик, Осиё тараққиёт банки ресурслари ҳисобидан 14,2 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги инвестиция киритиш режалаштирилган. Шунинг ҳисобидан 2021 йилга туманда саноат молларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,5, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш 1,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,2, хизмат кўрсатиш 1,3  карра ортади.

Шундай қилиб, Оролнинг қуриган қисмида амалга оширилган ишларнинг дастлабки самараси бугун кўзга ташлана бошлади. Келажакда Мўйноқ ҳар томонлама ривожланган, чиройли ва хорижий сайёҳларнинг диққат марказидаги масканга айланиши шубҳасиз. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибрайим Юсуповнинг бундан бир неча йил аввал ёзиб қолдирган шеърий сатрлари билан айтганда, «Бу ер ҳали зўр бўлади».

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги