Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичи

Абу-Даби, 25 март. ЎзА махсус мухбири Умар АСРОРОВ хабар қилади.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 24 март куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига келди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 25 март куни Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари таомилга кўра, дастлаб Абу-Даби шаҳридаги шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён мақбараси ва масжидини зиёрат қилди.
Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён Бирлашган Араб Амирликларининг биринчи Президентидир. У 2004 йили ўзи қурдирган мазкур масжид ёнида дафн этилган. Бугунги кунда ушбу масжид ва мақбара мамлакат аҳолиси учун табаррук масканга, хорижий делегациялар раҳбарлари ташриф буюрадиган мажмуага айланган.
Ушбу мажмуа дунёдаги энг катта масжидлардан бири бўлиб, қурилиш ишлари 1996 йилдан 2007 йилгача давом этган. Унда бир вақтнинг ўзида 40 минг киши намоз ўқиши мумкин.
Мажмуага ташриф асносида шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён руҳига Қуръон тиловат қилинди.
Президентимизга масжиднинг қурилиш тарихи, ўзига хос меъморий жиҳатлари, сайёҳлар ва зиёратчилар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берилди.
Шавкат Мирзиёев мақбаранинг Зиёратчилар китобида дастхат қолдирди.
Давлатимиз раҳбари “Воҳат ал-Карома” ёдгорлигига гулчамбар қўйди.
“Қадр-қиммат воҳаси” маъносини англатувчи ушбу ёдгорлик Бирлашган Араб Амирликлари озодлиги ва бирдамлиги учун қурбон бўлганлар шарафига бунёд этилган. Ёдгорлик бир-бирига таяниб турган 31 блокдан иборат бўлиб, раҳбарлар, ҳарбийлар ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш рамзи ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари ёдгорликнинг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абу-Даби шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди.
Учрашувда ижтимоий хавфсизликни таъминлаш соҳасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада ўзаро тажриба алмашиш, делегациялар ташрифини йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди.
Абу-Даби шаҳридаги “Қаср ал-Ватан” саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари давлат мадҳиялари янгради.
Икки давлат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев самимий қабул ва юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдириб, халқларимизнинг диний-маънавий қадриятлари муштарак экани, бу икки мамлакат ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳидаги ҳамкорликни ривожлантиришга асос бўлишини таъкидлади.
Бирлашган Араб Амирликлари тарихан қисқа даврда – эллик йилда саҳро қўйнида мўъжиза яратиб, иқтисодиёт, инновация, савдо, молия ва туризм бўйича дунё марказларидан бирига айланганини, Ўзбекистон шу соҳаларда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишдан манфаатдор эканини қайд этди.
Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Бирлашган Араб Амирликлари ҳудуди кичик, лекин нуфузи ва имкониятлари жиҳатидан катта салоҳиятга эга мамлакат. Бу ерда саноат, ташқи савдо логистикаси, транспорт, туризм, фуқаро авиацияси, инновация ва ахборот технологиялари, банк ва молия соҳалари жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда Амирликлар дунё маҳсулотларини минтақага реэкспорт қилаётган асосий транзит мамлакатдир.
Қулай географик жойлашув ва солиқ сиёсати мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими кириб келишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, Амирликларнинг ўзи ҳам фаол ташқи инвестиция сиёсати олиб бормоқда. 2018 йилда БАА хорижий давлатларга 12 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирган.
Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 25 октябрда ўрнатилган. Яқинда икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси тайинланди.
Мамлакатимизда БАА инвестициялари иштирокида 107 та корхона фаолият юритмоқда. Ушбу мамлакат фирма ва компанияларининг 28 та ваколатхонаси очилган. Улар асосан тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мева консервалари, полиграфия, улгуржи савдо, умумий овқатланиш тармоқлари, хизмат кўрсатиш йўналишларида иш олиб бормоқда.
2018 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми қарийб 400 миллион долларни ташкил этган.
Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан ўсгани, лекин томонларнинг салоҳиятини ҳисобга олганда, етарли даражада эмаслигини таъкидлади. Шу боис музокараларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, банк-молия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу ташриф ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирилди.
Жорий йил 12 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилиши натижалари ижобий баҳоланди. Ҳукуматлараро комиссия олдига яқин йилларда ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, бунинг учун товар етказиб беришни кўпайтириш, хомашёни қайта ишлаш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Икки мамлакатда ҳам туризм соҳасида улкан салоҳият мавжуд. Амирликлар аҳолиси буюк алломаларимиз мақбараларини зиёрат қилиш, табиатимиз манзараларидан баҳра олишга орзуманд. Ўтган йили БААдан юртимизга келган саёҳатчилар сони 1,5 баробар ўсди.
Президентимизнинг яқинда имзоланган фармонига мувофиқ, юртимизда Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинди. Бу Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида нафақат туризмни ривожлантириш, балки савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Кенгайтирилган таркибдаги музокаралардан сўнг икки томонлама имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси билан БАА ўртасида Қўшма баёнот қабул қилинди. Инвестициялар, молия, муқобил энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмурчилиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилди. Умуман, ташриф доирасида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилгани маълум қилинди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Самимий мулоқотда сиёсат, хавфсизлик, инвестиция соҳалари юзасидан фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, энергетика ва инфратузилма йўналишида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, фан-технология ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА