Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари: ташрифлар янги имкониятлар очмоқда

Мамлакатимиз мустақиллик солномасида сўнгги икки йил ислоҳотлар даври сифатида қайд этилади. Айни шу ўтган даврда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ички ва ташқи сиёсатда очиқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари ҳар қачонгидан-да, устуворлик касб этди. Хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш истагининг ортиши йўқотилган ишонч ва умидларнинг қайтаётганидан далолат. Бугун халқаро ҳамжамият ва ўзгаришларга хайрихоҳ ҳамкорлар мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этяпти.
Биргина мисол. Бугунги кунда қатор халқаро молия институтлари қаторида Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи банк-молия институтлари ва компаниялари иштирокида иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир. Туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш борасидаги ташаббуслар эътиборга молик.
Ар-Риёд, 2017 йил 20 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига ташриф буюрди.
Президентимиз ушбу саммит доирасида қатор давлатлар раҳбарлари билан мулоқотда бўлди. Хусусан, Абу Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ал Наҳаён билан учрашув ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича фикр алмашиш имконини берди.
Шу йилнинг 24 май куни мамлакатимизга Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ал Наҳаён бошчилигидаги делегациянинг расмий ташриф билан келгани яқин ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришдан икки мамлакат ҳам бирдек манфаатдор эканини кўрсатди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этди ва Маданий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро англашув меморандуми имзоланди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари дунёда тинчликка эришиш, Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлашда ҳам яқин ва ўхшаш қарашларга эга.
2018 йилнинг 12-14 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларига ҳам ташриф буюрди. Мамлакат расмийлари билан учрашувлар чоғида икки томон кун тартибига доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
2018 йил 26 март куни Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар бўйича давлат вазири Анвар Муҳаммад Гаргаш “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этди.
Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида турли даражадаги алоқалар фаоллашиб, барча соҳалардаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 7 май куни мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди. Муҳокамалар марказида эса Амирликлар инвесторларини мамлакатимиздаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг жалб этиш, уларнинг фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш масалалари бўлди.
Музокаралар натижасида нефть-газ, кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм, шаҳарсозлик ва бошқа қатор соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.
Меҳмон Бирлашган Араб Амирликлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, аниқ истиқболли инвестицион лойиҳаларни ҳаётга тўла татбиқ этишга тайёр эканини қайд этди.
Иқтисодиётнинг турли йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда бугун икки мамлакат Савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлараро комиссияси имкониятларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Комиссиянинг ана шундай навбатдаги мажлиси жорий йил 12 март куни Тошкентда бўлиб ўтди. Унда Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодиёт вазири Султон бин Саид Ал Мансурий бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз Бирлашган Араб Амирликлари учун иқтисодий локация ҳисобланади ва БААнинг иқтисодий, инвестициявий лойиҳаларида Ўзбекистон билан иқтисодий шериклик алоқаларини ривожлантириш устувор аҳамиятга эга.
Анжуманда Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодиёт вазири икки томонлама ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида “Йўл харитаси” ишлаб чиқишни таклиф этди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони БААнинг Masdar компанияси билан қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан шамол электр станцияларини қуриш соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини қайд этди. Шу тариқа музокаралар натижасида Mubadala компанияси билан углеводородларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, Абу Дабининг ADNOC миллий нефть компанияси билан эксперт-консултацион ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишилди.
Ўзбекистонда 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди. Бу эса Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида истиқболли инвестициявий лойиҳаларни жорий йилда ҳам амалга ошириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал ривожлантириш имконини бериши шубҳасиз.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА