Истеъмолчилар узлуксиз энергия манбаси билан таъминланади

Президентимиз Навоий ИЭСда барпо этилаётган иккинчи буғ-газ қурилмаси билан танишди.

Навоий иссиқлик электр станцияси юқори даражада саноатлашган ва унга туташ минтақадаги истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминловчи асосий манба ҳисобланади.

Йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти ва аҳолини янада ишончли электр энергия билан таъминлаш ушбу станцияда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига бевосита боғлиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида Навоий иссиқлик электр станциясида бўлиб, иккинчи буғ-газ қурилмаси пойдеворига тамал тоши қўйган эди.

Умумий қиймати 432 миллион АҚШ долларига тенг ушбу иншоотнинг қуввати 450 мегаватт. Қурилиш “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

ИЭСда ишга туширилган биринчи лойиҳадан фарқли равишда иккинчи буғ-газ қурилмасида жами 200 гигакалория (Гкал) иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бугунги кунда лойиҳанинг буғ турбина қурилмасида синов-созлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда газ турбинаси 320 мегаватт қувват билан электр энергия ишлаб чиқармоқда.

Президентимиз буғ-газ қурилмаси газ трубинасининг ишлаш жараёнини кўздан кечирди.

c7609abd-b45c-f821-b119-1daac2628317.jpg
Дунё технологлари газ трубинасида ҳароратни кўтариш ҳисобига фойдали иш коэффицентини кўтаришга ҳаракат қилади. Анъанавий станцияларда бу 40 фоизни ташкил қилади. Навоий ИЭСнинг биринчи буғ-газ қурилмасида фойдали иш коэффиценти 57 фоиз бўлса, иккинчи буғ-газ қурилмасида 61 фоизни ташкил этади.

Буғ-газ қурилмаси жорий йил сентябрь ойида ишга туширилади.

Давлатимиз раҳбари эътиборига лойиҳа амалга оширилиши туфайли эришиладиган натижалар ва буғ-газ турбинасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳақидаги тақдимотлар ҳавола қилинди.

Буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши натижасида йилига 3 миллиард 454 миллион киловатт-соат электр энергия ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа самарасида 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғи сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 829 миллион куб метр табиий газ тежалади.

Мамлакатимиз энергетика тизимида 2025 йилгача яна бир қатор замонавий буғ-газ қурилмаларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида минг нафардан ортиқ хизмат кўрсатувчи юқори малакали мутахассис тайёрлаш заруратини келтириб чиқаради.

Президентимиз ушбу эҳтиёжни таъминлаш мақсадида Навоий ИЭС базасида буғ-газ қурилмалари учун ходимлар тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Корхонада Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICA молиявий кўмагида ўқув маркази ташкил этилди. Ҳозирги кунгача бу ерда 166 мутахассис тайёргарликдан ўтди.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди.

Энергетика тизимида амалга оширилаётган бундай йирик инвестиция лойиҳалари мавжуд энергетика қувватларини ошириш, энг муҳими, истеъмолчиларни узлуксиз энергия манбаси билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилашга замин яратади. Замонавий технологияларнинг ўрнатилиши эса ёқилғи сарф-харажати ва атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарни камайтириш имконини беради.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА