Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 13 февралдаги “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига муҳим топшириқлар берилди.
Жумладан:
• иммунодиагностикани ўтказиш мақсадида 2019 йил 1 апрелга қадар сил касаллигини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларнинг асосланган контингентини аниқлаш;
• 2019 йил 1 майга қадар Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий марказларининг янгиланган ташкилий-штат тузилмаларини “Соғлиқни сақлаш” тармоғи бўйича кўзда тутилган йиллик бюджет маблағлари доирасида тасдиқлаш;
• 2019 йил 1 майга қадар республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажмини, пульмонолог хонасини жиҳозлаш стандартларини, мутахассисларнинг функционал вазифаларини белгилаган ҳолда пульмонология бўлимлари фаолиятини ташкиллаштиришни назарда тутувчи пульмонология йўналиши бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш;
• 2019 йил 1 июнга қадар Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган шахсларда аниқланган латент силни ташхислаш ва даволаш тадбирларини ташкиллаштириш, шунингдек, ушбу тадбирларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш бўйича таклифлар киритш;
• Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда сифатли ташхислаш, силга қарши дори ва индивидуал ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар киритсин;
• Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тиббиёт олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари ва юкламаларини танқидий ўрганиш натижалари асосида тиббиёт олий таълим муассасаларининг “Фтизиатрия” кафедраларини “Фтизиатрия ва пульмонология” кафедраларига қайта ихтисослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш шулар жумласидан.
ЎзА