Журналистлар “Россия сегодня“ ахборот агентлиги фаолияти билан танишди

Москва, 7 февраль. 
ЎзА махсус мухбири Улуғбек Шоназаров хабар қилади.
Москва шаҳрида афғон можаросини бартараф этишга бағишлаб ташкил этилган пресс-тур доирасида Россиянинг етакчи ахборот агентликларидан бири – “Россия сегодня“га саёҳат уюштирилди.
Учрашув “Россия сегодня“ ахборот агентлигининг халқаро мультимедиа матбуот марказида бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларга агентлик тарихи ва фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шу ерда афғон можаросини ҳал этишдаги мулоқотларни ОАВда ёритишга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан борган журналистларга агентликнинг замонавий ахборот воситалари хусусиятлари, турли гуруҳлар билан ишлашдаги тажрибаси, медиа гуруҳ сайтида чоп этиладиган хабарларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва тарқатишнинг ўзига хос шакллари ҳақида сўзлаб берилди.
“Sputnik”, “РИА Новости” ахборот агентликлари сайтлари учун материаллар тайёрлаш ва узатишдаги илғор тажриба, агентлик фаолиятининг замонавий кўринишда ташкил этилгани, ишлаш жараёнидаги очиқлик ва дўстона муҳит қатнашчиларга манзур бўлди. Томонлар ахборот сиёсатининг долзарб йўналишлари бўйича ўзаро тажриба алмашди.
Журналистлар агентликнинг спорт, фото таҳририятлари, шунингдек, хабарлар тасмаси учун материаллар тайёрлаш бўлимида бўлиб, улар фаолияти билан танишди. Бу ерда тайёрланадиган ахборот-таҳлилий материаллар бутун дунё бўйлаб кеча-ю кундуз эфирга узатилади.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда “Россия сегодня”да материалларни саралаш, уларни тайёрлашдаги тезкорлик, профессионал ёндашув, таҳририятлар йўналишлари ҳақида савол-жавоблар бўлди.
Пресс-тур якунида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думасининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси Франц Клинцевич оммавий ахборот воситаларида афғон можароси мавзусини ёритишда замонавий ёндашувлар бўйича ўз фикр ва қарашларини билдирди.​​
photo5393472338516880202.jpg
photo5395316455739861483.jpg
photo5395316455739861485.jpg
photo5395316455739861486.jpg
photo5395316455739861492.jpg
photo5395316455739861488.jpg
photo5395316455739861490.jpg
photo5395316455739861494.jpg

ЎзА