Бугун маҳаллий бозорда сотилаётган ўсимлик ёғи асосан хорижда ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга Ўзбекистон ёғ-мой тармоғи ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг катта қисмини қоплашга қодир улкан ишлаб чиқариш қувватларига эга.

Мамлакатимизда ёғ-мой тармоғини ривожлантириш, аҳоли эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва тайёр маҳсулот ассортиментини кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 16 январдаги “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида“ги қарорида белгилаб қўйилганидек, ҳақиқий ҳолат шуни кўрсатадики, ёғ-мой тармоғини бошқариш ягона тизимининг йўлга қўйилмаганлиги, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини назорат қилиш механизмининг самарасизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги илғор технологияларни ўзлаштиришга, инвестицияларни жалб қилиш ва тармоқнинг жадал ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бир қаторда хом ашё базасининг чегараланганлиги муаммоси оқибатида тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 50 фоиздан ошмайди, бу давлат иштирокидаги ёғ-мой корхоналари фаолиятининг самарадорлиги ва рақобатбардошлиги пасайишига олиб келмоқда.

Иқтисодиётда давлатнинг иштирокини янада қисқартириш, республика ёғ-мой тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш учун шароит яратиш ушбу масалаларнинг ечими бўлиши мумкин.

“Ўзпахтаёғ” АЖ негизида Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадамлардан бири бўлади. Ёғ-мой хом ашёларини қайта ишлаш ва ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ягона комплекс сифатида ёғ-мой саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, тармоққа замонавий бозор муносабатларини кенг жорий қилиш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Уюшма аъзоларига имтиёзлар тақдим этилади. Хусусан, 2021 йилнинг 1 январига қадар улар ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган ёғ-мой хом ашёларини мамлакатга олиб киришда божхона тўловлари ва импорт қилинган ёғ-мой хом ашёлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича қўшимча қиймат солиғи тўловларидан озод этилади. Бундан ташқари, улар 2020 йилга қадар ускуналар ва бошқа айрим материаллар импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни 90 кунга кечиктириш имкониятига эга бўлади.

“Ўзпахтаёғ” АЖ фаолиятини тугатиш билан боғлиқ тадбирлар доирасида унинг тузилмаси таркибига кирувчи барча компанияларни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига топшириш кўзда тутилган. Уларнинг 25 тадан 23 таси акциялари назорат пакети давлатга тегишлидир. Ўз навбатида, агентлик кўлга киритилган акциялар пакетини савдога қўяди, уларни баҳолаш ва бошланғич нархини белгилаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлайди. Бу иш 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар давом эттирилиши зарур.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз ёғ-мой корхоналарининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган хом ашё базасига эга етакчи ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва инвесторларини жалб қилиш билан шуғулланади.

Шунингдек, маҳаллий ёғ-мой тармоғини ривожлантириш мақсадида тайёр ўсимлик ёғи импортини босқичма-босқич қисқартириш ва маҳаллий компаниялар тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариши учун зарур ёғ-мой хом ашёси импортини кўпайтириш кўзда тутилган.

Шу билан бир қаторда мамлакатда муқобил ёғ-мой экинлари ҳажмини кўпайтириш режалаштирилмоқда.

 

Роман Бондарчук, ЎзА