Ижодий сарҳисоблар, янги фильмлар

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида «PROlogue-2018″ халқаро кинофестивалининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашуви кино соҳаси вакиллари олдига ҳам улкан вазифаларни қўйди. Юксак малакали кадрлар тайёрлаш, томошабинларни бадиий жиҳатдан мукаммал, юқори савиядаги миллий фильмлардан баҳраманд этиш, ижодкорлар масъулиятини юксалтириш шулар жумласидандир.
Президентимизнинг 2017 йил 7 августда қабул қилинган «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш, “Ўзбеккино” миллий агентлиги фаолиятини такомиллаштириш борасида янги истиқболларни очмоқда. Унга кўра, “Ўзбеккино” миллий агентлиги учун миллий кино маҳсулотларини яратиш бўйича йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг прогноз кўрсаткичлари белгилаб берилди. Жойларда кичик киностудиялар ва замонавий форматдаги кинозаллари бўлган минтақавий маданий-кўнгилочар комплекслар бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
8.JPG
Айни вақтда кинематография соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш мақсадида агентлик қошида малака ошириш курсларини ташкил этиш, атоқли киноижодкорлар дарс берадиган маҳорат мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш, юртимиздаги ёш, истеъдодли ва истиқболли киноижодкорлар малакасини ошириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
«PROlogue-2018» халқаро кинофестивалидан кўзланган асосий мақсад ҳам кинематография соҳасида юртимиз ва хорижий тажрибани атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, ижодкорларнинг ўзаро мулоқоти учун зарур имконият ва шароитлар яратиш, юртдошларимизни миллий ва жаҳон кино санъатининг энг сўнгги ютуқларидан баҳраманд этишдан иборатдир. Ушбу фестивалда дунёнинг кўплаб давлатларидан тақдим этилган 280 дан ортиқ картинадан саралаб олинган 31 та фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
16.JPG
…Тантанали тадбир юртимиз ва хорижлик кино усталарининг қизил йўлакчадан ўтишидек ҳаяжонли онлар билан бошланди. Мусиқанинг шўхчан садолари янграйди. Халқаро фестиваль барча томошабинларни чорлайди. Экранларда кўринган севимли санъаткорларимиз, актёру режиссёрлар энди рўпарамизда, ёнгинамизда. Кимдир улар билан бирга суратга тушади. Биров дастхат олиш илинжида. Ҳамкасблар яқин режалари билан ўртоқлашмоқда. Тадбирда халқаро кинофестиваль номинациялари, фильмлар йўналиши бўйича ҳакамлар ҳайъати таркиби, намойиш этиладиган фильмлар рўйхати эълон қилинди.
Тадбир ниҳоясида ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган «SCORРION» бадиий фильми намойиш этилди.
Халқаро кинофестивалнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдуваҳитов сўзга чиқди.

 

Н.Усмонова, М.Амин (сурат), ЎзА