Президентимиз махсус-тактик машғулотларни кузатди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Чирчиқ дала ўқув майдонида юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг махсус-тактик машқларини кузатди.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил 10 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида сўзлаган нутқида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада юксалтириш, миллий армиямиз жанговар шайлигини ошириш борасида амалга оширилган ишларга тўхталар экан, олдинда турган муҳим вазифаларни ҳам санаб ўтган эди.

Жумладан, қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши керак. Улар жанговар тайёргарликнинг янги тизими бўйича мунтазам шуғулланиб бориши, барча ҳарбий хизматчилар ҳақиқий профессионал кадр бўлиши учун ўз соҳасини пухта эгаллаши шартлиги таъкидланган эди.

Берилган топшириқлар асосида жанговар тайёргарлик билан тўлақонли шуғулланиш, ҳарбий хизматчиларнинг касбий малакасини ошириш ва ўз йўналиши бўйича вазифаларни аниқ бажаришига эришиш учун кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилди. Жанговар тайёргарлик дастурлари қайта кўриб чиқилди, бунда, аввало, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий жиҳатдан чидамли бўлишига эътибор қаратилди. Қўшинларни энг замонавий турдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш чоралари кўрилди. Буларнинг барчаси бутун дунёда, жумладан, ён-атрофимизда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бир вақтда, мавжуд таҳдидларга қарши муносиб зарба беришга тайёр бўлишимиз, Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текшириш учун жорий йил 26 ноябрь эрта тонгда қўшинлар “Тревога!“ сигнали бўйича юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди.

Қўққисдан текширувнинг асосий мақсади – жорий йил давомида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ва бошқарув органларида амалга оширилган ишларни баҳолаш ҳамда таҳлил қилишдан иборат эди. Шу даврга қадар бу каби кенг кўламли қўққисдан текширувлар мамлакат армиясида ўтказилмаган.

Сигналдан сўнг Мудофаа вазирлиги марказий аппарати, барча ҳарбий округ ва бўлинмаларда зарур ташкилий ишлар амалга оширилди. Ҳарбий полигонларда бир нечта махсус-тактик машғулотларни ўтказиш учун ҳарбий қисмлар колонна билан чиқиб кетишди.

Бунда асосий эътибор қўшинларни барқарор ва узлуксиз бошқаришни ташкил этиш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилди. Текширувнинг барча босқичларида хавфсизлик қоидаларига, ҳарбий техника ва қуролларнинг созлигига қатъий риоя қилиняпти. Қўққисдан текширув давомида махсус тузилган идоралараро ишчи комиссия қўшинлар ҳаракати устидан назорат ва таҳлилни олиб бормоқда.

Юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг эҳтимолий хавфни қайтаришига доир махсус-тактик машқлари Чирчиқ дала ўқув майдонида ҳам ўтказилди.

Машғулотлар шартига кўра, мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари, ўта муҳим объектлар, аҳолининг оммавий йиғилиш жойларида қўпорувчилик актларини ўтказиш хамда шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида оммавий тартиббузарликларни келтириб чиқаришни мақсад қилган, давлат чегарасига яқин ҳаракатланаётган шартли душманни аниқлаш ва яксон қилиш машқларида ҳаво-десантчилари, артиллериячилар, мото-ўқчилар, танкчилар, махсус операция кучлари ҳамда ҳарбий Ҳаво кучлари бўлинмалари қатнашди.

Шартли душман базаларига ва у жойлашган ҳудудларга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳарбий ҳаво кучлари таркибидаги МиГ-29 ва Су-25 қирувчи самолётлари, Ми-24 вертолётларидан зарбалар берилди. Чалғитувчи ҳаракатларни амалга оширган ҳолда, давлат чегарасини ёриб ўтишга фаол киришган шартли ноқонуний тўдаларни артиллерия дивизиони куч ва воситалари билан яксон қилишга қарор қабул қилинди.

Шундан кейин жанг майдонида зирҳли қалқон танкчилар бўлинмаси пайдо бўлди. Улар танк биатлонида қўлланиладиган “Сувли тўсиқ” ҳамда “Эскарп” ва “Тирсакли кўприк”дан моҳирона ўтиб, белгиланган маррани эгаллаб, “Танк карусели” жанг усулини қўллади.

Мудофаа операциясини олиб бориш жараёнида, шартли оғир яраланган ҳарбий хизматчиларни жанг майдонидан олиб чиқиш, вертолётда эвакуация қилиш жараёни намойиш этилди.

Энг замонавий турдаги жанговар вертолётлар шахсий таркибни белгиланган ҳудудга десантлаштирди. Парашют-десант батальони хизматчилари марралар оралиғидан суқилиб кирган шартли душманни умумқўшин захира куч ва воситалари билан яксон қилиш вазифасини муваффақиятли бажарди.

Махсус-тактик машғулотлар ҳарбийларимизнинг юксак профессионал маҳоратини, юқори жанговар шайлигини, бир тану бир жон бўлиб ҳаракатланишини намоён этди.

Машғулотларни ҳарбий-маъмурий секторлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам кузатиб борди.

Президентимиз полигон ёнидаги ҳарбий қисмда яратилган шароитларни, қурол-аслаҳа ва техникаларни кўздан кечирди. Мудофаа тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлардан мақсад мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимиз тинчлигини таъминлаш эканини таъкидлади.

Миллий армиямизда шароитлар ўзгараётгани, соҳа ходимлари профессионал кўникмаларини доимий ошириб боришлари қайд этилди.

Ватанпарварлиги, профессионаллиги билан алоҳида намуна кўрсатган полковник Қодир Турсуновга автомашина, бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга планшетлар совға қилинди. Шу ерда ҳарбий-маъмурий секторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилди.

6c05ab38-4800-0006-ceb1-5f0d93728bdd.jpg
51c6d921-000b-2695-1067-1ead3cdb5a42.jpg
731ba026-20e4-5a3a-7d6a-cf9ec129b01c.jpg
06eb8043-c5d7-b4b4-6a00-e89cf84a4b0f.jpg
9fab7980-4ccf-23e6-d1aa-b8ad86d8e5c5.jpg
95d6219b-6c5d-d8ce-fec9-d9f8e8bb634b.jpg
441bf0cc-eea1-44a9-d941-a4ecd640ffb3.jpg
644f8107-67dd-7602-99b0-e25a6baa9f59.jpg
955c7b85-4385-7320-0456-82af07795460.jpg
db4ac5d0-c050-4eee-7d2d-0505524d497a.jpg
df0c5cb2-8604-da60-69c4-e6802bc3c3da.jpg
e5ed4590-0048-af87-dd8a-7ae9febcb3fe.jpg
e22206d2-d108-4e30-f47c-cfc2168e7b5d.jpg
f937a2c7-66d6-29e9-9934-b8ce8089ebd8.jpg

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА мухбири