Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан юртимизда бўлиб турган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим 19 май куни Бухорога келди.
Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Раматов, Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Дастлаб Бош вазир Анвар Иброҳим Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида бўлди. Бу ерда олий мартабали меҳмонга Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда бу маскан юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар кўп келадиган зиёратгоҳга айланди.
Бош вазир Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканини, халқимиз тарихи ва маънавиятига ҳурмати баландлигини таъкидлади.
Мажмуада Қуръон оятлари ўқилиб, дуолар қилинди.
Арк қалъаси кўҳна Бухоронинг энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган тарихий-меъморий обидаларидан биридир. Бу ерда мартабали меҳмонга мажмуа тўғрисида батафсил маълумот берилди. Сайр давомида қўрғондаги Тахтхона меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Арк қалъасининг баландлиги 16-20 метрни ташкил этиб, ғарбдан шарқка томон ёйилган кўпбурчакни эслатади. Қўрғон ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотларга қараганда, қалъа деворлари IV даврда барпо этилган. Биринчи давр – антик, иккинчи давр (мил. IV-V-VIII асрлар чегараси) учинчи давр (IX аср бошлари – XIII аср), тўртинчи давр (XV-XX асрлар)га тўғри келади.
1920 йилдаги Бухоро босқини натижасида кўпгина ёдгорликлар қаторида Арк қўрғони ҳам вайрон бўлган. Бугунги кунда қўрғоннинг сақланиб қолган 1,1 гектар майдонида Бухоро давлат музей қўриқхонаси фаолият олиб бормоқда.
Маълумки, Президентимиз 2017 йилда Бухорога ташрифи жараёнида Мир Араб мадрасасининг тарихий мавқеини тиклаш мақсадида кўрсатмалар берган эди.
Шундан кейин Арк яқинида янги бино барпо этилди. Олий мадраса 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бу ерда ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси, хизмат уйи, спорт зали ва бошқа қулайликлар мавжуд.
Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Президентимиз ташаббуси билан янгидан қурилган Мир Араб Олий мадрасасида бўлиб, илму толиблар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Пойи-Калон Бухоронинг энг кўзга кўринган тарихий қадамжоларидан саналиб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг энг диққатга сазовор жойларидан биридир.
Пойи-Калон меъморий ансамбли Мир Араб мадрасаси, Минораи Калон ва шу номдаги масжиддан иборат бўлиб, комплекс таркибига кирган бинолар XII–XVI асрларда қурилган.
Тарихий манбаларга кўра, Пойи-Калон “Каттанинг пойи” деган маънони англатади. Пойи-Калон Минораи Калон этагида жойлашганлиги боис унга шундай ном берилган. Минораи Калон эса 1127 йилда Арслонхон томонидан қурилган ва бугунги кунгача сақланиб қолган.
Мартабали меҳмон Мир Араб мадрасасида ҳам бўлди. Бу ерда меҳмонга мадраса тарихи ҳақида қисқача маълумот берилди.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, мадраса Убайдуллахон ҳомийлигида 1530-1536 йилларда Яманда туғилган шайх Абдуллоҳ томонидан қурилган.
Бино иккита улкан залдан, биринчиси масжид ва маъруза зали, иккинчиси мақбарадан иборат.
Мир Араб мадрасаси катталиги бўйича Бухородаги Кўкалдош мадрасасидан кейин иккинчи ўринда туради. Бухоро азалдан ҳунармандчилик маҳсулотлари билан донг таратган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Бу ер нафақат тарихий обидалари, балки қўлда тўқилган гиламлари билан ҳам машҳур. Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Бухоро гиламчилик марказида бўлди. Mартабали меҳмон бу ерда ипакдан тўқилаётган турли ҳажмдаги гиламларнинг тўқилиш жараёнини кузатди ва гиламдўзларнинг қўл меҳнати билан яралаётган меҳнат маҳсулидан ҳайратда эканини яширмади. –Қойил қолмасдан илож йўқ. Нафис ва гўзал гиламларнинг тўқилиш жараёнини кузатиш кишига завқ бағишлайди. Ҳайратдаман,– дейди Бош вазир жаноблари.
Лаби ҳовуз мажмуасида фольклор-этнографик ансамбларининг чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу ернинг ўзида мартабали меҳмонга ўзбекона тўн кийдирилиб, эсталик совғалари топширилди. Ўз навбатида Бош вазир Анвар Иброҳим бугунги меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, келгусида Ўзбекистон, хусусан. Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаган ҳолда туризмни янада ривожлантириш нияти борлигини билдирди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан юртимизга расмий ташрифини амалга оширган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ўз юртига жўнаб кетди.
Олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Раматов, вилоят ҳокими Б.Зарипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйишди.
Абдували Бўриев, Носиржон Ҳайдаров ва Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА