Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан юртимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим 18 май куни Самарқандга келди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосари А. Раматов, Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев, Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Малайзия Бош вазири Самарқанд билан танишувни буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон оятлари ўқилиб, улуғ муҳаддис ҳақига дуолар қилинди.

Олий мартабали меҳмонга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мазкур иншоотда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг Малайзия ҳукумати раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, марказ фаолияти, бу ерда олиб борилаётган тадқиқот ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур марказда буюк алломаларимиз илмий мероси тадқиқ этилиб, уларнинг асарлари чоп этилмоқда. Анвар Иброҳимга марказ олимлари томонидан тайёрланган китоблар ҳақида маълумот берилди ва Имом Бухорийнинг асарлари совға қилинди. Марказ музейидаги тарихий асарлар, буюк муҳаддис ҳаёти ва фаолияти акс этган деворий суратлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Малайзия Бош вазири Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фахрий меҳмонлар китобига ўз дил сўзларини ёзиб қолдирди. Куннинг иккинчи ярмида Малайзия Бош вазири мамлакатимиз ҳукумати масъуллари билан биргаликда Ўзбекистон – Малайзия тадбиркорлар бизнес форумида қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Ходжаев кейинги йилларда давлатимизнинг Малайзия билан савдо-иқтисодий алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, ушбу ташриф эса ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қулай инвестиция муҳити яратилгани, қонунчилик такомиллашаётгани ва иқтисодиётни эркинлаштирилиш борасида фаол сиёсат юритилаётганини қайд этди.
Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим форумда сўзга чиқиб, аввало Ўзбекистонга дипломатик делегация сифатида эмас, дўст сифатида келганини алоҳида таъкидлади.

— Ўзбекистон Президенти ва ҳукумат раҳбарларининг мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги фикрларидан биз шундай хулосага келдикки, Ўзбекистонга ишониш, бу давлат билан ҳамкорликда ишлаш мумкин,— деди Анвар Иброҳим. — Жумладан, энергетика, рақамли технологиялар, туризм йўналишларида ҳамкорлигимиз истиқболли бўлишига ишонамиз. Мен Ўзбекистон Президенти ва ҳукумат раҳбарлари билан суҳбат чоғида уларда мамлакатни ривожлантиришга фаол интилиш борлигини кўрдим ва буни олқишлайман.

Форумда икки мамлакат тадбиркор ва иқтисодий соҳа масъуллари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Малайзия ҳукуматлари раҳбарларидан жавоб олдилар. Тадбирда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар алмашилди.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Самарқандга ташрифи давомида шаҳардаги муқаддас қадамжо ва тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди.

Шоҳи Зинда мажмуаси зиёрати чоғида олий мартабали меҳмонга заминмизга муқаддас ислом динининг кириб келиши ва равнақ топиши йўлида хизмат қилган алломалар ва уларнинг издошлари ҳаёти, фаолияти ҳақида маълумот берилди. Бу ердаги ҳар бир обида ва унинг тарихи, уларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юртимизда диний-маърифий соҳадаги ишларнинг бир кўриниши эканлиги таъкидланди.
Амир Темур мақбараси билан танишув чоғида улуғ жаҳонгир ва темурийларнинг давлатчилик тарихи, Мовароуннаҳрда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари эътироф этилди.
Анвар Иброҳим дунёга машҳур Регистон мажмуасини томоша қилар экан, бу ердаги мадрасалар Самарқанд заминининг азалдан илм-маърифат, маданият маркази бўлганлигини қайд этди.

Малайзия Бош вазирининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири.
Носиржон Ҳайдаров ва Алишер Исроилов (ЎзА) олган суратлар.