Ўзбекистон Президентининг Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида давлат раҳбарлари қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.

Барча даража ва йўналишлардаги алоқалар фаоллашуви кўп қиррали Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ўзаро савдо ҳажми ортиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, хусусан, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасида кооперация кенгайиб бормоқда. Жорий йил 15 ноябрь куни Чимкент шаҳрида икки мамлакат чегараолди ҳудудлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари иштирокида биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми муваффақиятли ўтказилди.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашув дастури сермазмун бўлгани қайд этилди. Йил бошидан буён жами 50 дан ортиқ қўшма тадбир ўтказилгани бунинг тасдиғидир.

Мулоқот давомида давлат раҳбарлари олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасидаги амалий ҳамкорлик истиқболларини, шунингдек, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Долзарб минтақавий ва халқаро масалалар, жумладан, 2019 йилда мамлакатимизда ўтказиладиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик ишлари хусусида фикр алмашилди.

Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларининг фаровонлиги ҳамда бутун минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш йўлида кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам фаол ривожлантириш, кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

 

ЎзА