Фестивалга тайёргарлик қизғин

Пойтахтимизда жорий йилнинг 21-23 ноябрь кунларида мамлакатимизда биринчи маротаба “Вино санъати” бўйича ўтказиладиган халқаро вино фестивали олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 февралдаги “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори мамлакатимизда узумнинг техник навлари майдонларини кенгайтириш, уларни етиштириш бўйича илғор усулларни жорий этиш, узумзорлар ҳосилдорлигини ошириш, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда хомашё базасини яратиш ва ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош виночилик ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириб бориш, шунингдек, ушбу соҳага чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш ва корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш, юртимиз вино санъатини халқаро миқёсда намойиш этиш мақсадида ўтказиладиган фестивалда Россия, Франция, Италия, Япония, Болгария, Венгрия, Грузия ва бошқа давлатлардан виночилик соҳаси вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этади.

“Вино санъати” уч хил — илмий, маданий ва кўнгилочар йўналишларни ўз ичига оладиган ноодатий фестиваль сифатида ташкил этилади ва унинг доирасида “Вино ва узумчилик саноатида инновацион технологиялар”, “Шарқ узумлари” номли халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилади. Шунингдек, маданий-кўнгилочар дастурлар, вино санъати бўйича маҳорат дарслари, маҳаллий гастрономик маҳсулотлар ва миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ташкил этилиши режалаштирилган.

 

Даврон Суннатов, ЎзА