"Англия билан дуранг ўйнадикми, демак, Литвага боришга ҳаққимиз бор"

Баҳодир Аҳмедов шогирдлари яқинда Таиландда инглизларга қарши майдонга тушишди ва мағлуб бўлишмади.
Бундан икки йил аввал қитъанинг иккинчи жамоаси сифатида Колумбияда ўтган жаҳон чемпионатига йўлланма олган, у ерда ҳам жаҳоннинг манаман деган термалари билан баб-баравар ўйнай олган футзал термамиз ҳақида нимагадир кейинги пайтларда кам маълумот тарқалмоқда. Ваҳоланки, футзалчиларимиз қитъамизда ушбу нуфузли мусобақа бошланган 2009 йилдан буён барча чемпионатларнинг нафақат доимий иштирокчиси бўлиб келган, балки бир неча бор кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган. Фақат оддий чемпионатларда совринларга эга бўлаверган жамоа айнан жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи мавсумлардагина учта ёки тўртталикдан тушиб қолар ва шу тарзда жаҳон чемпионатида қатнашиш муддатини бироз чўзиб юборган эди.
Бразилиялик Сапо, испаниялик Мария Мендездан кейин терма жамоага бош устозлик қилаётган Баҳодир Аҳмедовнинг ҳам нияти улуғ – олдинги муваффақиятларни давом эттириш, яна жаҳон чемпионатида иштирок этиш. Шу мақсадда бир қатор ишлар амалга оширилаётгани бор гап. Яқинда мамлакатимизда Афғонистон терма жамоаси меҳмон бўлди. Иккита ўйиндан иборат ўртоқлик учрашувининг ҳар иккаласида ҳам Аҳмедов шогирдлари ғалаба қозонишди. Бирида 3:2, иккинчисида 5:2.
Яқинда эса терма жамоамиз Таиландда ташкиллаштирилган ўзига хос халқаро турнирда иштирок этиб қайтди. Мазкур мусобақада қитъамиздан Ўзбекистон, Таиланд ва Малайзия, Европадан эса Англия термаси ўзаро куч синашишди. Эътиборли жиҳати, Баҳодир Аҳмедов шогирдлари малайзияликлар устидан ғалаба қозонган ва мезбонлардан енгилган бўлса-да, европаликлар билан дуранг ўйнашнинг уддасидан чиқишди ва турнир жадвалида инглизлардан юқорида жойлашишди.
Ушбу турнир футзалчиларимиз учун янгилик эмас. 2009 йили бразилиялик Сапо устозлигида ҳам иштирок этган ва унда ҳам иккинчи ўрин билан кифояланганди. Ўшанда инглизлар ўрнига аргентиналиклар билан куч синашишган эди. Аслида Таиланд футзали мутасаддилари мазкур мусобақани ҳар мавсумда ташкил этишади, фақат унда иштирок этувчилар йилига ўзгартирилади. Бу йилги мусобақа ғолиби Таиланд термасини 2016 йили Ўзбекистон таркиби билан жаҳон чемпионатига йўлланма олишда бош вазифани бажарган испаниялик мутахассис Марио Мендез бошқараётганини таъкидлаш жоиз.
Учрашувларда қайд этилган натижалар: 
1-тур
Малайзия – Ўзбекистон – 0:5
Англия – Таиланд – 0:4
2-тур
Ўзбекистон – Англия – 1:1
Таиланд – Малайзия – 7:1
3-тур
Малайзия – Англия – 2:3
Ўзбекистон – Таиланд – 3:6.
Йиғинлар ташкил этишдан, халқаро турнирларда қатнашишдан кўзланган мақсад яна бир йилдан кейин ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатда иштирок этиш эканлиги сир эмас. Жаҳон чемпионатига қайси давлат мезбонлик қилиш масаласи ҳам ҳал этилди – бунга Литва мамлакати лойиқ топилди. Ваҳоланки, мезбонлик учун Литвадан ташқари, Япония, Янги Зеландия, ҳаттоки Эрон давлати ҳам даъвогарлик қилганди.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА