Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими томонидан  «Оилаларга китоб улашиб..» шиори остида акция ўтказимоқда.

Акция доирасида Элликқалъа туманидаги Бўстон академик лицейи ўқувчиси Зуҳра Мақсадованинг «Парвоз» номли китобининг тақдимоти бўлди.  Тадбирда республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими рахбари Қ.Юсупов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти  М.Абдуқундузов «Маҳалла»хайрия жамоат фонди  Элликқалъа тумани бўлими раиси Ф.Ибодуллаев, ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва таркатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятига, шунингдек, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш  бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди. Бўстон академик лицейи ўқувчиси Зуҳра Мақсадова ҳам мана шундай иқтидорли ёшлардан ҳисобланади. Унинг адабиётга, шу жумладан шеъриятга қизиқиши натижасида  бугунги кунга учта китоби чоп этилди.

-Тадбирни ўтказишдаги мақсад, халқимиз, айниқса, ёш китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш,  ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашдан иборат,-дейди  Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлинмаси раҳбари Айша Матниязова.-Бу борада туманимиздаги умумтаълим мактабларида, академик лицейлари ҳамда касб-ҳунар коллежларида бугунги кунга 12 та тадбир ўтказилди. Жумладан, «Қилчиноқ» овул фуқаролар йиғинида «Энг намунали китобхон оила», Ўзбекистон ёшлар уюшмаси туман кенгаши билан ҳамкорликда «Фарзандимга китоб совға қиламан» акцияси ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди.

Акция якунида тумандаги таълим муасасаларининг ахборот-ресурс марказларига китоблар совға қилинди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.