Маҳалланинг ташвишига ҳам, бахтига ҳам шерик аёл

Мамлакатимиз Президенти Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида 2025 йилда эришилган ютуқларни эътироф этар экан, қанчалик оғир бўлмасин, халқимиз ўзининг машаққатли ва фидокорона меҳнати билан улкан марраларни забт этганини такидлади.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2026 йилни юртимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиш таклифи аҳамиятли бўлди. Натижада маҳаллага нисбатан манзилли ва масъулиятли ёндашув шаклланмоқда. Деярли 15 йиллик меҳнат фаолиятининг асосий қисми маҳаллалар билан боғлиқ булган Нукус шаҳридаги «Қутли макан» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Замира Қутлымуратова ҳам «маҳалла обод бўлса – жамият барқарор бўлади. Инсон рози бўлса – ислоҳотлар ўз самарасини беради» деган тамойилни ўзининг шиорига айлантирган.
1967-йили Чимбой туманида туғилган З.Қутлимуратова ёшлигидан жамиятга аралашувчан, зукколиги билан одамларнинг эътиборига тўшди. 1988-йили ҳозирги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини тамомлагач 15 йил ўқитувчи сифатида фаолият юритди ва кўплаб иқтисодчи-мутахассисларнинг етишиб чиқишига ўз ҳиссасини қўшди.
Бугунги кунда 9 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиб келаётган «Қутли макан» МФЙ ни бошқариб келмоқда. Бу маҳалла 2 мингдан ортиқ оилага таълим-тарбия маскани бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган йили маҳаллада томорқаларнинг суғориш тизими яхшиланди, барқарор электр энергияси ва оптик толали интернет тармоғи билан таъминланди. Ички йўллар таъмирланиб, «Обод хўжалик – обод кўча – обод маҳалла» мезонлари жорий этилди ва маҳалланинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Маҳаллани қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш масканига айлантириш ишлари таҳсинга лойиқ.
Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги 50 га яқин савдо дўкони, 4 та умумий овқатланиш шохобчаси ва тўйхона, дорихона, 3 та сартарошхона ҳудуд кўркига кўрк бағишлаб, одамларнинг оғирини енгил қилмоқда, уларни иш билан таъминлашда қўшимча имконият яратмоқда. 2026 йилнинг ўтган даврида «Камбағал оилалар реестри»га киритилган 203 та оиланинг 35 таси «Лойиҳавий ёндашув» лойиҳалари асосида кредит, ссуда ва субсидия ажратиш, тадбиркорликка жалб қилиш орқали реестрдан чиқарилди.
Маҳалла халқининг обод ва файзли уйларда муносиб яшаши учун маҳалладаги 1 минг 710 та уй-жойнинг ички ва ташқи қиёфасини замонавий кўринишга келтириш, пардозлаш, уларнинг ҳудудида тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, томорқа ерларига тўлиқ экин экишни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Умуман олганда, Замира Қутлымуратова ҳар бир кунини жамият ҳаётини юксалтириш, аҳолининг давлат сиёсатига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, энг муҳими, инсонлар учун муносиб яшаш муҳитини яратишга хизмат қилаётган маҳалла оқсоқолларидан бири.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.