Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига амалга оширадиган расмий ташрифи арафасида ушбу мамлакатда “Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари“ бўлиб ўтмоқда.
“Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари“ доирасида Парижда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида“ туркумининг навбатдаги фильмини суратга олиш ишлари ҳам давом этмоқда. “Ўзбекистон маданий мероси Лувр тўпламларида“ деб номланган ҳужжатли фильмнинг тасвирга олиш ишлари музейнинг ислом маданияти коллекцияси сақланадиган залларида олиб борилмоқда. Шу кунга қадар мазкур фондларда сақланаётган экспонатлар омма олдида кенг намойиш қилинмаган.
Маълумот ўрнида, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида“ лойиҳаси доирасида 30 га яқин ҳужжатли фильм тайёрланган. Мазкур фильмлар Россия (Москва, Санкт-Петербург), Германия (Берлин, Дрезден, Лейпциг), Чехия (Прага), Буюк Британия (Лондон, Оксфорд, Кембриж) музейларида сақланаётган моддий ва маданий меросимиз, уларнинг яратилиши ва Ўзбекистондан олиб кетилиши тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, 3 октябрь куни “Маданий мерос – Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўприк“ мавзусида халқаро илмий медиа-ивент бўлиб ўтади. Унда Франциянинг энг йирик музей, кутубхона ва илмий муассасаларининг раҳбарлари, шарқшунос олимлар қатнашиши кутилмоқда.
Медиа-ивент доирасида Франция миллий кутубхонаси, Лувр, Гимн музейларига “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Ҳусайний”, “Равзатус сафо”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Зафарнома” каби қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари туҳфа қилинади.
Дилобар Маматова, ЎзА