Болаларимизнинг хавфсизлиги ўз қўлимизда

10

Мамлакатимизда пиротехника буюмларининг ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан аниқ мақсадли чора-тадбирлар ўтказилишига қарамасдан, республика ҳудудига четдан пиротехника воситаларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.

Шу сабабли, ҳозирги вақтда фуқароларимизнинг, айниқса, вояга етмаган болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ноқонуний пиротехника воситалари айланишининг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар томонидан ўтказилаётган махсус тадбирлар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Қўнғирот тумани ҳудудида тезкор тадбирлар ўтказилди.

Холислар иштирокида амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида, озиқ-овқат дўконидан 300 дона питарда, ушбу туманда яшовчи фуқаронинг уйидан 6000 дона питарда ва 51 дона салют, Хўжайли тумани ҳудудида «Кобальт» русумли автомашинадан 2 дона салют пиротехника воситалари аниқланди.

Жами бошланғич баҳоси 25 миллион сўм бўлган 6353 дона пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича қонунга мувофиқ суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.