Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ҳамкорлигида ўзбек халқ оғзаки ижодига салмоқли ҳисса қўшган бахши-шоир Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан “Эпос ва уни ўрганиш муаммолари” мавзуида республика илмий анжумани ўтказилди.
Тадбирда фольклоршунос олимлар, ёзувчи-шоирлар, бахшилар, маданият ходимлари, талаба-ёшлар, халқ оғзаки ижодиёти ихлосмандлари иштирок этди.
Эргаш Жуманбулбул ўғли халқимизнинг асрий орзу-умидлари, ўй-хаёллари куйчисидир. Унинг ижросидаги “Алпомиш”, “Равшан”, “Кунтуғмиш” каби достонлар халқни ёруғ келажак сари руҳлантириб, озодлик ҳиссини туйишга чорлаган.
Бугунги кунда элимиз ардоғидан тушмас Эргаш Жуманбулбул ўғли 1868 йилда бахшилар оиласида дунёга келган. Шу ҳудудда яшаган Султон кампир, бувиси Тилла кампирдан тортиб, бобоси Мулла Холмурод, отаси Жуманбулбулгача достон айтган, ўзига хос термалар ижод қилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар Эргаш Жуманбулбул ўғлининг миллий маънавиятимиздаги ўрни ва унинг фольклор архивида сақланаётган ноёб асарлари ҳақида маълумот берди. Бахшилар халқ оғзаки ижодидан намуналар айтди.