Инновациялар Ўзбекистон ривожланишини янада жадаллаштиради

Пойтахтимизда 24-29 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “ICTWEEK Uzbekistan-2018” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида соҳани янада такомиллаштиришга йўналтирилган тадбирлар, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги янги муваффақиятлар тақдимоти ўтказилади.
“ICTExpo-2018“ ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмаси шулар жумласидандир.
Кўргазма иштирокчилари ўз олдига 2030 йилга қадар Глобал инновация индекси рейтинги бўйича 50 илғор мамлакат қаторига кириш каби улкан вазифани қўйган Ўзбекистонда инновацион ривожланиш янада жадаллашади, деган фикрда якдил.
Кўргазмада Германиянинг “Microbox GmbH“ компанияси турли модификациядаги сканерларини намойиш қилмоқда.
– Биз жаҳоннинг етакчи архивлари, кутубхоналари ва музейлари билан муваффақиятли ҳамкорлик қиламиз, – дейди компаниянинг Марказий Осиё бўйича Минтақавий директори Сайёра Азимова. – Ўзбекистонда ускунамиз харид қилиниши ва сервис хизмати кўрсатишда бизга маҳаллий “Book2net“ корхонаси кўмаклашмоқда.
Россиянинг “Eltex“ компанияси стенди ҳам эътиборга молик. IT ва телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчи корхона саноат объектлари учун инфратузилма ечимларини таклиф қилмоқда.
– Новосибирск ва Олмаота шаҳарларида компаниямизнинг иккита ишлаб чиқариш мажмуаси фаолият юритади, – дейди “Eltex“ компанияси вакили Ольга Мальцева. – Биз FBWA ечимлари – симсиз кенг полосали интернет тармоғидан фойдаланиш, идора ихтиёридаги телефон тармоқлари учун ечимлар, Wi-Fi фойдаланиш нуқталари, IPTV телевидениеси учун ускуналар таклиф қиламиз. Россияликлар Ўзбекистонда бугунги кунда юз бераётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Биз инновацияларга қаратилаётган эътибор ушбу ислоҳотларни жадаллаштиришига тилакдошмиз.
Япониянинг “Fujitsu“ корпорацияси расмий ҳамкори мақомига эга “TRIADA KOM” МЧЖ ҳозирги кунда хавфсизликнинг энг муҳим элементи ҳисобланган видеокузатув тизимларини намойиш этди.
– Биз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқинда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарорини катта қизиқиш билан қарши олдик, – дейди компания вакили Ватан Тоиров. – Хусусан, ушбу ҳужжатда йўллардаги мунозарали ва авария ҳолатларини кузатиш учун автобус ва таксиларда видеорегистраторларни ўрнатиш тўғрисида сўз боради. Бу билан биз Ўзбекистон йўлларида хавфсизликни таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшган бўлардик.
Кўргазмада мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ҳам фаол иштирок этмоқда. Масалан, “Гермес” электрон ҳужжат айланиш тизими “BAIK Technologies” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган миллий маҳсулот ҳисобланади.
– Корпоратив портални яратишда биз бешта асосий тамойилга таяндик, – дейди “Гермес” вакили Одил Мўминов. – Булар корхона бошқарувчанлиги ва самарадорлигини ошириш, корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш, қарорларни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш, ҳужжатларни марказлаштирилган ҳолда сақлаш, корхоналар муҳим саналари тақвимидир.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети стенди олдида учинчи курс талабаси Севара Полвонова талабалар саъй-ҳаракати билан хусусий клиникалар учун яратилган ахборот тизимлари тўғрисида маълумот берди.
– Тизимимиз беморни электрон рўйхатга олиш жараёнини автоматлаштиради, – дейди у. – Барчамизга маълум, поликлиникаларда беморлар узоқ вақт навбатда туриб қолишига тўғри келади. Шундай муассасаларга ташриф буюрувчиларнинг мушкулини осон қилишга қарор қилдик. Шифокор текширувидан сўнг беморга рецептнинг электрон чеки тақдим этилади. Бу мижозлар оғирини енгил қилиш йўлидаги яна бир ғамхўрликдир.

 

Аблай Камолов, ЎзА​​