Жўшқин рақслар гулдастаси

Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақс ансамблининг концерти бўлиб ўтди. 

Мазкур мусиқий дастурга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик, истеъдодли ёшлар, рақс санъати мухлислари таклиф этилди.

Ўзбекистон ҳамда Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик барча жабҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари, айниқса, маданият, маърифат, илм-фан, таълим соҳаларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Юртимизда Россиянинг етакчи театр, мусиқа жамоалари, кино санъати усталарининг ижодий ташрифи анъана тусига кирган. Айни пайтда ушбу мамлакатда ўзбек миллий мусиқа санъати усталари иштирокидаги концертлар, театр жамоаларимизнинг гастроллари, бадиий ва фотокўргазмалар муваффақият билан ўтказиб келинмоқда.

6.JPG

13.JPG

Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақс ансамблининг концерти санъат мухлислари учун ўзига хос туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Россиянинг энг моҳир хореографи ва балетмейстери Игорь Моисеев томонидан 1937 йилда ташкил этилган мазкур ансамбль таркибига ўша пайтда собиқ шўролар юртининг турли чеккаларидан энг номдор рақс усталари жалб этилган. Кўплаб ижодий экспедицияларининг уюштирилиши натижасида турли халқларнинг рақс фольклори, урф ва удумлари, анъаналарига оид бебаҳо меросни тўплаш, уни ижодий маънода қайта ишлаш, сайқаллаштириш, янада мукаммал ҳолга келтириб томошабинларга тақдим этиш имконини берди. Рақс ижодиётининг пухта намуналарини қайта яратишда мусиқачилар, мусиқашунослар, фольклоршунослар, тарихчилар билан ижодий маслаҳатлар кутилган самараларни берди. Хореографик дастурларнинг моҳиятини очиб беришда классик мусиқа, актёрлик маҳорати, драматургия ва сценографиянинг унумли қўлланилгани жамоа ютуғида яна бир омил бўлди.

Рақс жамоаси Лотин Америкаси давлатлари, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Финляндия, Ҳиндистон, Миср ва бошқа 60 дан ортиқ давлатларга ижодий сафарда бўлган. Ансамблнинг чиқишлари дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланиши, маданий мулоқотларнинг кенгайиши ва ҳатто модага таъсир ўтказишда ҳам ўзига хос ўрин тутар эди. Хусусан, 1953 йили мазкур ансамблнинг Францияда муваффақиятли гастролидан сўнг, француз аёлларининг «казачок» услубидаги этикча кийиши урфга кирган эди.

25.JPG

40.JPG

1965 йилда «Рақс сари йўл» мусиқий дастури учун ансамбль академик жамоа унвонига муносиб топилди. И.Моисеев умрининг охиригача мазкур жамоага раҳбарлик қилган эди. Игорь Александрович ҳаёти давомида 300 дан ортиқ хореографик асарни саҳналаштиришга муваффақ бўлган. 2011 йилда мазкур жамоа Anita Bucchi итальян хореографик мукофотига, шунингдек, ЮНЕСКОнинг «Беш қитъа» мукофотига сазовор бўлган. Ансамбль ижодининг ўзига хослиги шундаки, у халқ рақсларини профессионал даражага олиб чиқа олган.

– Бу табаррук юртга 36 йил аввал келгандик, – дейди ансамблнинг бадиий раҳбари ва директори Елена Шербакова. – Тошкент яхши маънода буткул ўзгариб кетгани бизни ғоят ҳайратлантирди. Концерт дастуримизда «Кадриль», «Сиртаки», «Молдаванча сюита», «Қалмиқча рақс», «Ёз» каби турфа хореографик чиқишлар билан бирга лаган ёрдамида ижро этилувчи ўзбекча рақсни ҳам томошабинларга тақдим этаяпмиз.

…»Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройининг саҳнаси. Жўшқин мусиқа янграйди. Бетакрор, серзавқ рақслар жаҳон халқлари маданияти, анъаналари, фольклор санъатининг нечоғли турфалигидан сўзлайди. Концертда турли халқларнинг рақсларидан иборат мусиқий-хореографик гулдаста томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

42.JPG
44.JPG

 

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА