“Ҳамшира — 2024” танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди

Бугун Алишер Навоий номидаги кино саройида 12 май — Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяров юртимиздаги барча ҳамшираларни ушбу сана билан табриклади.

– Кейинги йилларда ҳамширалик фаолияти тиббиётимиз билан бирга жадал ривожланиб бормоқда, – деди Асилбек Худаяров.– Соҳада янги ихтисосликлар пайдо бўлмоқда. Айниқса, бугунги кунда бирламчи даволаш-профилактика муассасаларида 8 минг 500 нафар доя ҳамширасининг фаолият юритаётгани оналар ва болалар саломатлигини асраш йўлидаги муҳим воқеа, соғлом авлодни вояга етказиш йўлида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар натижасидир.
Тантанали маросимда “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” кўрик-танлови ғолиблари ҳамда 15 та номинация бўйича “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танлови совриндорлари тақдирланди. Совриндорларга эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида “Ҳамшира — 2024” танловининг республика босқичи ғолиблари эълон қилинди.
Беллашувнинг ҳудудий босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 15 нафар соҳа ходими орасидан шаффоф ва адолатли шарт ва мезонлар асосида саралаб олинган уч нафар ҳамширага белгиланган мукофотлар тақдим этилди.
Унга кўра, 1-ўринни Тошкент вилояти Паркент туман тиббиёт бирлашмаси Болалар бўлими ҳамшираси Назокат Мирсаъдиева, 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман тиббиёт бирлашмаси Жарроҳлик бўлими навбатчи ҳамшираси Ҳулкар Қозоқбоева ҳамда 3-ўринни Андижон вилояти Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси Жарроҳлик бўлими кундузги ҳамшираси Озодахон Кимсанова эгаллади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА